Жиззахда инновацион агротехнологиялар юқори ҳосилдорликни таъминламоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ресурстежамкор агротехнологияларни жорий этиш борасидаги ишлар ўз самарасини бермоқда.
Дўстлик туманида фаолият юритаётган “Олмос гамбой” фермер хўжалиги ана шундай замонавий ёндашувлар асосида юқори ҳосил олаётган хўжаликлардан бири.
1996 йилда 30 гектар майдонда иш бошлаган фермер хўжалигининг бугунги ер майдони 110 гектарга етказилган. Жорий йилда 70 гектар майдонда “Алексеевич” навли ғалла парваришланиб, гектаридан 85 центнергача ҳосил олинди.
Айни пайтда хўжаликнинг 40 гектар майдонида пахта етиштирилмоқда.
— Бу йил ресурстежамкор агротехнологияларни қўллашга алоҳида эътибор қаратдик. Илгари пахтани 90 сантиметр оралиқда эккан бўлсак, ҳозир 76 сантиметр оралиқда қўшқатор усулидан фойдаланяпмиз. Натижада 50 гектар майдондан қарийб 7,5 гектар ер тежалди. Мазкур усул ҳосилдорликни ошириш имконини бермоқда, - дейди фермер хўжалиги раҳбари Ҳамза Ботиров.
[gallery-30863]
Хўжаликда очиқ майдонларга “Т-115” ва “С-43” навли пахта экилган бўлиб, мониторинг натижаларига кўра ҳосилдорлик 60-66 центнерни ташкил этмоқда. Ўтган йили плёнка остида томчилатиб суғориш технологияси асосида “С-57” навидан гектарига 65 центнердан ҳосил олинган.
Пахтачиликда қўл меҳнатини камайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, бегона ўтларга қарши махсус пуркагичлар ёрдамида гербицидлар билан ишлов бериш йўлга қўйилган. Бу усул меҳнат ва маблағ сарфини камайтириш билан бирга, майдонларни бегона ўтлардан тоза сақлаш имконини бермоқда. Натижада 100 миллион сўмдан ортиқ маблағ тежалган.
Фермер хўжалигида 10 нафар доимий ишчи ва 2 нафар тракторчи меҳнат қилади. Хўжаликнинг зарур қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлангани агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ва ҳосилни қисқа муддатларда йиғиб-териб олишда муҳим омил бўлмоқда.
Ишчиларни моддий рағбатлантириш мақсадида ҳар бир ходимга 5 тоннадан ғалла ажратилган. Ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида мош экиш учун ер ажратилган. Ходимлар бу майдонлардан 3-4 тоннадан мош ҳосили олиб, оила даромадини ошириш имконига эга бўлмоқда.
Шунингдек, ишчиларнинг чорва моллари учун озуқа базасини яратиш мақсадида беда, маккажўхори ва силос етиштириш ҳам йўлга қўйилган.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат),ЎзА