Жиззахда ҳарбий ватанпарварлик тадбирлари
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни
Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида ҳам Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан эълон қилинган “Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги” доирасида “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри” шиори остида кўплаб тадбир ва учрашувлар ўтказилмоқда.
Жумладан, “Фориш тоғ ўқув ҳарбий полигони”даги “Н” ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари Фориш туманидаги “Учқулоч” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ўқувчи-ёшлар билан учрашди.
Ҳарбий хизматчилар ёшларга мамлакатимиз Қуролли Кучлари салоҳияти, ҳарбийлар ҳаёти ва уларга яратилган шарт-шароитлар ҳақида атрофлича сўзлаб берди.
Тадбир давомида ўқувчи-ёшларга армиямизда фойдаланилаётган ҳарбий қурол-аслаҳалар ҳамда кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Жиззах гарнизонидаги “Н” ҳарбий қисмида ҳам Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни олдидан қизиқарли тадбирлар уюштирилди.
[gallery-21151]
Дастлаб “Ифтихоримсан, жонажон Ватаним” мавзусида мусаввирлар танлови ташкил этилган бўлса, ҳарбий хизматчиларнинг интелектуал салоҳиятини ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида ўтказилган “Заковат” интелектуал ўйини барчанинг эътиборида бўлди.
Танлов ҳамда интелектуал ўйин ғолиб ва совриндорлари диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари