Жиззахда ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Аввал хабар қилинганидек, Жиззахда белбоғли кураш бўйича ўсмирлар ва қизлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Кеча ушбу чемпионат доирасида Жиззах вилояти ҳокимлигида Татаристон Республикаси спорт вазирлиги ва ҳокимият ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Унда томонлар оммавий спорт турларини ривожлантириш, халқаро тоифадаги спорт усталари ва спортчилар тайёрлаш, аёллар ўртасида спорт турларини оммалаштириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берди.
Жумладан, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев юртимизда, хусусан, вилоятда спортни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, бунёд этилаётган янги спорт соғломлаштириш масканлари ҳақида маълумот бериб, буларнинг барчаси юртимизда спортни ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани билан боғлиқ эканини таъкидлади.
Ўз навбатида Татаристон Республикаси спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ҳалил Шайхутдинов ўз юртида спортнинг бугунги кундаги ривожи, спорт мактабларининг фаолиятини йўлга қўйишда қайси жиҳатларга эътибор қаратгани ҳақида гапирар экан, бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларни ҳам юқори баҳолади.
[gallery-4814]
Тадбир доирасида Жиззах вилояти ҳокимлиги ва Татаристон Республикаси спорт вазирлиги ўртасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича Меморандум имзоланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, имзоланган Меморандум халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, ёшлар сиёсати, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Жумладан икки томоннинг келишувига асосан давлат ташкилотлари, таълим муассасалари, федерациялар ва бошқа спорт тузилмалари ўртасида - оммавий спорт турлари, ногиронлар спорти, элита спорти ва спорт бўйича кадрларни тайёрлаш йўналишларда ўзаро манфаатли дастурлар, тажриба ва маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилади.
Шунингдек, меморандум доирасида ҳамкорларда ҳар йили Жиззах вилояти ва Татаристон Республикасида белбоғли кураш бўйича биттадан (халқаро миқёсда) мусобақа ўтказилиши режалаштириб олинди.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА