Жиззахда “DAF”нинг техник носозлиги ЙТҲга сабаб бўлди
Жиззах вилояти ҳудудида содир этилган йўл транспорт ҳодиса оқибатида 3 та юк машнаси ва автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси шикастланди ва 1 киши тан жароҳати олди.
Жорий йилнинг 21 июнь куни соат 17:30 ларда М-39 Олмаота-Тошкент-Термиз халқаро автомобиль йўлининг Ғаллаорол тумани ҳудудидан ўтган 1013-километрида 3 та юк машинаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Ушбу ЙТҲ 1979 йилда туғилган ҳайдовчи Ҳ.Б. бошқарувидаги “DAF” русумли юк машинаси йўлнинг довон қисмидан тушишда тормоз тизимидаги носозлик сабаб аввал йўл четида турган, сомон ортилган “ГАЗ-53” русумли юк автомашинасига, сўнгра олдинда ҳаракатланиб кетаётган “Isuzu” русумидаги юк машинасига урилган. Оқибатда, “DAF” юк машинаси АЁҚШлардан бирига бориб урилган ва унинг ускуналарини яроқсиз ҳолга келтирган.

“ГАЗ-53” машинаси ағдарилиб кетган. “Isuzu” эса йўл четидаги дарахтга бориб урилган ва кабина яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Натижада унинг ҳайдовчиси тан жароҳати олган ва тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Ғаллаорол тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
А.Қаюмов, ЎзА