Жиззахда болалар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда
Жиззах вилоятида Республика болалар миллий тиббиёт марказининг бир гуруҳ малакали мутахассислари болаларни тиббий кўрикдан ўтказмоқда.
Тадбир аввалида вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида шифокорлар учун семинар-тренинг ўтказилди. Республика болалар миллий тиббиёт маркази раҳбари Мурод Жафаров ва марказнинг етакчи мутахассислари томонидан ўтказилган семинарни вилоятдаги шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари болалар шифокорлари ҳам “Zoom” платформаси орқали онлайн кузатишди.
Шу куннинг ўзида марказдан келган шифокорлар томонидан вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида 50 нафар бола чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Шифокорлар томонидан беморларнинг ота-оналарига зарурий тавсия ва маслаҳатлар берилди. Касаллиги мураккаб бўлган болаларга марказ шароитида даволаниш учун йўлланмалар берилди.
– Қизим тўққиз ёшда. Куйиш натижасида баданида дағал чандиқдар пайдо бўлган, ҳозир мутахассислар кўриб, керакли тавсияларни берди. Айтилган муолажаларни олганимиздан сўнг, ушбу мутахассисларнинг ўзлари чандиқларни жарроҳлик йўли билан бартараф қиларкан. Давлатимиз томонидан кўрсаталиётган шундай эътибор ва ғамхўрликлардан хурсандман. – деди ғаллаороллик Сурайё Тўрақулова.
– Ушбу ташрифимизнинг асосий мақсади жиззахлик болаларнинг саломатлигини назоратдан ўтказиш, беморларни бугунги пандемия шароитида Тошкент ва бошқа шаҳарларга бориб овора бўлмасликлари учун қулайлик яратиш, – дейди Республика болалар миллий тиббиёт маркази директори Мурод Жафаров. – Ҳафта давомида Жанубий Кореяда малака ошириб келган 10 нафар мутахассисларимиз ишини, жумладан мураккаб жарроҳлик амалиётларини жиззахлик ҳамкасбларимиз бевосита кузатиб борадилар. Шунингдек уларни малакасини ошириш бўйича маҳорат дарслари ўтказамиз.
Ушбу хайрли тадбир давомида Жанубий Кореянинг KOFIH ва KOIKA халқаро фонди томонидан вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказига 50 дона антисептик қўл ювиш ускунаси совға қилинди.
Т.БЕКНАЗАРОВ, ЎзА