Жиззахда 96 миллион сўмлик алдов фош этилди
Жиззах вилоятида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш орқали ноқонуний даромад олишга уриниш билан боғлиқ ҳолатга чек қўйилди.
Маълум бўлишича, Жиззах ҳудудий электр тармоқлари муҳандиси сифатида фаолият юритган шахс А. А. ўз ваколатига кирмайдиган масалада фуқаро Ш. М.ни ишонтириб, пул маблағи эвазига хизмат кўрсатишни ваъда қилган. У М39 халқаро автомагистрали бўйида жойлашган умумий овқатланиш шохобчалари олдига электромобиллар учун қувватлаш станцияларини ўрнатишга доир ҳужжатларни расмийлаштириб беришни таклиф этган.
Ушбу “хизмати” учун 192 миллион сўм талаб қилинган. Маблағнинг ярмини, яъни 96 миллион сўмини Жиззах шаҳрида олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан А. А. ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Тезкор тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида амалга оширилган.
Ҳозир мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси асосида жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур ҳолат бир қарашда якка ҳуқуқбузарликдек кўрингани билан, аслида. тизимли масалани – ваколат доирасини билмаслик ёки уни атайлаб четлаб ўтиш орқали манфаат излаш иллатини очиб беради. Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатда “яшил” энергетика ва электр транспорти инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда бу каби ноқонуний “воситачилик”лар соҳанинг соғлом ривожига путур етказиши шубҳасиз.
Шу нуқтаи назардан, давлат идораларида фаолият юритаётган ҳар бир ходим нафақат ўз вазифасини, балки ўз масъулияти чегарасини ҳам аниқ англаши зарур. Зеро, ишончга соя соладиган ҳар қандай хатти-ҳаракатга қонун устуворлиги асосида қатъий баҳо берилиши муқаррар.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири