Жиззах вилоятида қанча аҳоли яшайди?
Жиззах вилояти статистика бошқармаси томонидан берилган маълумотга кўра, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига вилоятнинг доимий аҳолиси сони 1 миллион 424 минг 845 кишини ташкил этмоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида кенг қамровли тайёргарлик ишлари давом этмоқда.
Вилоятнинг барча шаҳар, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари идоралари, шаҳар-туман кадастр бўлимлари томонидан кўчаларга ном қўйилиб, хонадонлар рақамланди, уй ва хонадонлар рақами кўрсатилган белгилар ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Вилоятдаги ШФЙ, ҚФЙ ҳамда МФЙ идоралари мутасаддилари томонидан аҳоли пунктларида яшовчи фуқаролар рўйхатлари янгиланиб борилаяпти. Бундан ташқари, рўйхатга олиш тадбирини аҳоли ўртасида тарғиб қилиш мақсадида оммавий ахборот воситаларида мунтазам чиқишлар амалга ошириб борилмоқда. Амалга оширилган ишлар самарасида айни пайтда Жиззах вилоятида истиқомат қилувчи аҳолининг аниқ рўйхати шакллантирилди.
Жиззах вилоятининг шаҳарлари аҳолиси сони 666 минг 235 кишини, қишлоқлари аҳолиси сони эса 758 минг 610 кишини ташкил этаётир. Аҳолининг 717 минг 933 нафари эркаклар ва 706 минг 912 нафари хотин-қизлардир.
Давлат раҳбарининг фармони ҳамда ҳукумат қарорининг ижроси борасидаги ишлар давом этмоқда.
А.Қаюмов, ЎзА