Жиззах вилояти: хирмон тўлиб, тўкилди дон
Жиззахлик миришкорлар 243 минг 800 тонна ғалла етиштириб белгиланган маррани забт этди.
Вилоят ғаллакорлари жорий йилда 88,1 минг гектар сувли ва 100 минг гектарга яқин лалми майдонларга уруғ қадаб, сувли майдонларнинг ҳар гектаридан ўртача 70-80 центнердан ҳосил кўтарди. Ушбу юксак хирмонни бунёд қилишда, айниқса, вилоятнинг Пахтакор, Дўстлик, Арнасой туманлари ҳамда Янгиобод, Бахмал ва Зомин каби лалмикор туманларнинг ҳиссаси катта бўлди.
Бу йил 100 дан ортиқ фермер хўжаликлари фидойилик кўрсатиб, ҳар гектар ғалладан 90-100 центнердан хирмон кўтарди. Улар орасида Пахтакор туманидаги “Анвар А”, Дўстлик туманидаги “Асал момо“, Арнасой туманидаги “Суюнов Сардор даласи”, Зафаробод туманидаги “Янги тонг“, Шароф Рашидов туманидаги “Қўрғонтепа”, Мирзачўл туманидаги “Ботир Ислом”, Зарбдор туманидаги “Мусурмон дов”, Зомин туманидаги “Бек” фермер хўжаликларининг номларини алоҳида қайд этиш лозим.
Айни пайтда майдонларда ўрим-йиғим ишлари қизғин давом этмоқда. Мавсум якунида жиззахлик ғаллакорлар 850 минг тонна ёки ўтган йилга нисбатан 150 минг тонна кўп ғалла етиштиришлари кутилмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари