Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Бахмал туман ҳокими Азиз Эргашев Файзобод маҳалласидаги саноат корхоналари фаолияти ва амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.
Ташриф давомида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати, ички бозор таъминоти ва экспорт салоҳияти масалалари кўриб чиқилди. Корхона раҳбарлари билан мулоқот чоғида ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва инвестицияларни жалб этиш юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, туман ҳокими мавжуд муаммоларни ўрганиб, уларни бартараф этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берди.

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, сўнгги йилларда туманда саноат ҳажми ошиб бораётгани, маҳаллий хом ашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланмоқда.
***
Арнасой тумани ички ишлар бўлими жамоат хавфсизлиги хизмати пробация гуруҳи томонидан “Хавфсиз ҳудуд – долзарб 20 кунлик” профилактик тадбирлари доирасида маҳкумлар бандлигини таъминлашга қаратилган бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди.

Тадбирда соҳанинг тегишли мутахассислари иштирок этиб, мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида батафсил маълумот беришди. Ҳар бир иш ўрнининг вазифа ва талаблари иштирокчиларга алоҳида тушунтирилди.
Ярмарка натижасида жазо ўтаётган икки нафар фуқаро ўз хоҳишига кўра ишга жойлаштирилди. Бундай тадбирлар пробация ҳисобида турган шахсларнинг жамиятга мослашуви ва меҳнат орқали ижтимоий ҳаётга қайтишига хизмат қилмоқда.
***
Зарбдор тумани ҳокими Бекзод Ташпулатов тумандаги “Jahongir Shaters” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишди. Спиртсиз ичимликлар ва минерал сув ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур корхона йилига 21 минг тоннадан зиёд маҳсулот тайёрлаш қувватига эга.

Корхонада 10 нафардан зиёд ходим меҳнат қилмоқда. Жорий йилнинг январь–август ойларида ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми 5 миллиард 500 миллион сўмдан ошган. Ташриф доирасида ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Шу билан бирга, корхона аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш ва янги иш ўринлари яратиш орқали туман иқтисодиётига ҳисса қўшмоқда.
***
Мирзачўл туманида Жиззах вилоятининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари раҳбарлари иштирокида аҳоли билан очиқ мулоқот ташкил этилди.

Қабул жараёнида фуқаролар ва тадбиркорлар томонидан билдирилган турли масалалар тингланиб, уларни жойида ҳал этиш учун тегишли мутасаддиларга вазифалар юклатилди.
Ушбу қабулда вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Бобир Исмоилов 10 нафарга яқин тадбиркор билан юзма-юз мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларини ўша ернинг ўзида ҳал қилди.

Бундай очиқ мулоқотлар жойларда юзага келаётган муаммоларни тезда ҳал этиш, аҳолининг давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
***
Шароф Рашидов ва Пахтакор туманлари Фавқулодда вазиятлар бўлимлари ходимлари томонидан ҳудуддаги қурилиш объектлари, саноат корхоналари ва пахта қабул қилиш масканларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасида тушунтириш ишлари олиб борилди. Ушбу тарғибот тадбирларида профилактик суҳбатлар ҳам ўтказилиб, амалий тавсиялар берилди.
А.Қаюмов, ЎзА