Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах вилоятининг Бахмал тумани ҳокими Муса Анарбаев “Энг яхши сектор раҳбари” Республика кўрик танлови ғолиби бўлди. Шу муносабат билан туман ҳокимига Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғаси – “SPARK”автомобили топширилди.
***
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида маҳаллаларни обод қилиш мақсадида Шароф Рашидов тумани “Умар” МФЙ ҳудудига Жиззах вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи ташаббуси билан 60 дона павлония, 90 дона тут, 60 дона қизил тол, 50 дона япон сафураси, 40 дона сада ҳамда 100 дона гилос кўчати олиб келинди. Вилоят солиқ бошқармаси ходимлари ҳамда “Умар” МФЙ аҳолиси биргаликда “Кўчат экиб, маҳалла ободлигига ҳисса қўшди.

***
Мамлакатимизда жорий йил 1 ноябридан 1 декабргача “Кексалар туризм ойлиги” бўлиб ўтиши белгиланган бўлиб, ойлик доирасида бугунги кунга қадар Зафаробод туманидаги “Бирлик” қишлоғида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Мария Абдураҳимова ва фронт орти меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, малакали тиббиёт ходимлари томонидан нуроний отахон ва онахонларнинг саломатлиги текширувдан ўтказилди.
Шунингдек, Бўстон, Самарқанд, Узун, Нурафшон, Ёрқин маҳаллаларида ётиб қолган, якка-ёлғиз, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногирони бўлган отахон ва онахонлар ҳолидан хабар олиниб, тиббиёт ходимлари томонидан уларнинг саломатлиги тиббий текширувдан ўтказилди.
Бундан ташқари, кекса авлод вакиллари ва ёшлар ўртасида шахмат-шашка спорт мусобақаси ўтказилган бўлса, “Чимқўрғон” ҚФЙ ҳудудида ёшлар кексалардан кўчат экиш сир-асрорларини ўрганди.

***
Ўқувчи ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва улар қалбида юртга садоқат туйғусини шакллантириш мақсадида Янгиобод туманидаги 19-сонли умумий ўрта таълим мактабида “н” ҳарбий қисм қўриқлаш взводи ҳарбийлари иштирокида “Миллий армиямиз – ғуруримиз, ифтихоримиз!” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда офицер ва сержантлар ўқувчиларга ҳарбийларнинг бурч ва масъулиятлари ҳақида гапириб берди.

***
Ғаллаоролдаги “Маданият маркази”да Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ва маданият туман бўлимлари фаоллари билан ҳамкорликда “Иффатли келин” миллий танлови бўлиб ўтди. Беллашувда қуйи босқичларда ғолибликни қўлга киритган 10 нафар иқтидорли ва шижоатли ёш келин 3 та шарт бўйича беллашди.
Ғолибликни қўлга киритган ва танловда фаол иштирок этган келинлар ташкилотчиларнинг диплом, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

***
Фориш тумани 3-сектор ҳудудидаги “Ўзбекистон” МФЙ “Бахт” кўчасида яшовчи аҳолини электр энергияси билан таъминлашни яхшилаш мақсадида 1,5 километр янги электр ҳаво тармоғи қуришга киришилди.
Янги ҳаво тармоғи учун 25 та темир бетон таянч ҳамда 1 та 100 киловаттли трансформатор ўрнатилади. Айни кунда туман электр тармоқлари корхонаси ишчилари белгиланган ишларни тез ва сифатли бажариш борасида ҳамжиҳатлик билан иш олиб бораяпти.
Ушбу янги электр ҳаво тармоғи ишга тушгач маҳалланинг “Бахт” кўчасида яшовчи 80 та хонадонда электр энергия таъминоти яхшиланади.

А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат) ЎзА