Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида жиноятларнинг сабаб ва шарт-шароитларини илмий ёндашувлар асосида таҳлил қилиш ҳамда уларнинг барвақт олдини олишга қаратилган самарали механизмларни жорий этиш вазифалари белгиланган.
Тошкент давлат юридик университетида “Маҳаллаларда жиноятчиликка қарши манзилли курашишда илмий ёндашув ва амалий тажриба интеграцияси” мавзусида ўтказилган илмий-амалий конференцияда қарор ижроси борасида қилинаётган ишлар таҳлил қилинди.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат юридик университети томонидан жиноятчилик ҳолатларини чуқур таҳлил қилиш, уларнинг криминоген омилларини ўрганиш ҳамда профилактика ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган илмий-тадқиқот ишлари олиб борилаётгани қайд этилди.
Хусусан, университет томонидан жиноятчиликнинг 12 тури бўйича илмий-методик ишланмалар тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Конференция давомида жиноятчиликнинг айрим турлари бўйича ишлаб чиқилган ушбу илмий-методик қўлланмалар тақдимоти ҳам ўтказилди.
Мазкур қўлланмаларда маҳаллаларда криминоген вазиятни таҳлил қилиш, жиноят ўчоқларини аниқлаш, жиноятчилик сабабларини илмий асосда ўрганиш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган замонавий ечимлар кўрсатиб берилган.
[gallery-28173]
Мутахассислар маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш механизмларини такомиллаштириш, профилактика ишларини манзилли ташкил этиш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини илмий ёндашувлар асосида қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирди.
Жиноятчиликка қарши курашишда давлат органлари, маҳалла институтлари, фуқаролик жамияти ташкилотлари ҳамда илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Жиноятчиликка қарши самарали курашиш фақатгина жазони кучайтириш орқали эмас, балки жиноятларнинг келиб чиқиш омилларини чуқур таҳлил қилиш, ижтимоий профилактика чораларини кенгайтириш ҳамда аҳоли билан манзилли ишлаш орқали таъминланиши қайд этилди.
Конференцияда олимлар ва амалиётчи мутахассислар ўртасида очиқ мулоқот ташкил этилиб, тайёрланаётган илмий-методик ишланмаларни янада такомиллаштириш, уларни амалиётга жорий этиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган самарали механизмларни ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Университет илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори ҳамда Жиноий одил судлов факультети Тадқиқот маркази ташаббуси билан ташкил этилган анжуман якунида билдирилган фикр ва тавсиялар асосида жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган илмий тадқиқотларни давом эттиришга келишиб олинди.
Н.Абдураимова,
Ф.Абдурасулов (сурат),
ЎзА