Жиноятга жазо муқаррар
Судланувчи А.Наимов 2021 йилнинг 1 февралидан Ғиждувон туманидаги “Мirshod avto maktab” масъулияти чекланган жамиятида ўқитувчи вазифасида ишлаб келади.
У ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб фуқаро Ф.Абдуллаевнинг мулкини алдаш йўли билан қўлга киритишни режалаштирган. Ҳаракатларининг қонунга хилоф эканлигини била туриб, унинг ишончига кирган. Пора беришга далолат қилган. Фуқаро Ф.Абдуллаевни “Б-С” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун имтиҳондан ўтказиш, тиббий маълумотнома олиб бериш ҳамда ҳайдовчилик курсида ўқиганлик тўғрисида ҳужжатларни тайёрлаб бериш эвазига 3 миллион сўм пулни талаб қилган.
2021 йил 24 ноябрь куни соат 12:00 ларда Ғиждувон тумани, Ю.Ҳамадоний кўчасида жойлашган “Мirshod avto maktab” масъулияти чекланган жамияти биносида Ф.Абдуллаевдан 3 миллион сўм пулларни олган вақтида ушланган.
Суд мажлисида судланувчи тариқасида сўроқ қилинган А.Наимов айбига тўлиқ иқрорлигини билдирди. Суд, судланувчи А.Наимов томонидан содир этилган жиноят ўзи эгаллаб турган лавозим ва фаолияти билан боғлиқ ҳолда содир қилинганлиги сабабли, уни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддасига асосан муайян ҳуқуқдан, яъни автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларни малакасини ошириш муассасаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилишни лозим топди.
Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 25,168-моддаси 3-қисмининг “в” банди билан ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ундириш шарти билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Бобир Умаров,
Жиноят ишлари бўйича
Бухоро вилояти Ғиждувон тумани суди раиси