Жиноятчиликни олдини олиш – муҳим вазифа
Тошкент вилоятида 2021 йил 4 мингга яқин тиғли жисм муомаладан олинди. Ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликни камайтириш ва аҳоли тинчлигини сақлаш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Тошкент вилоятида ИИББ Патрул-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси томонидан 2021 йил мобайнида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Хусусан, Патрул-пост хизмати ходимлари иштирокида жами 226 та, шахсан улар томонидан 72 та жиноятлар фош этилган бўлса, 137 ҳолатда турли жиноятларнинг олди олинган. Шу каби ППХ ходимлари иштирокида 49 нафар ва шахсан улар томонидан 75 нафар қидирувда бўлган шахс аниқланиб, ушланган.
Ҳудудлардаги 33 нафар бедарак йўқолган шахс топилган. Шунингдек, 2 минг 636 нафар иш ва яшаш жойи ноаниқ бўлган шахс реабилитация марказларига жойлаштирилган. Майда безорилик содир этганлиги учун 10 минг 65 та, жамоат жойида спиртли ичимлик истеъмол қилган 54 минг 817 та ва бошқа ҳуқуқбузарлик учун 136 мингдан ортиқ шахс, тегишли чора кўриш учун ҳудудий ИИБга олиб борилган.
Вилоятда ўтказилган “Тиғ” махсус-профилактик тадбири давомида ППХ ходимлари томонидан 3 минг 972 та ўткир тиғли жисм олинган бўлса, уларнинг 3 минг 334 таси пичоқ, 36 таси кастет, 39 таси бита ва 563 таси бошқа кўринишдаги хавфли бўлган ўткир тиғли жисмларни ташкил қилган.
А. Мусаев, ЎзА