Жиноятчиликка қарши кураш ва жамоат хавфсизлиги назоратда
Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, масъул раҳбарлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва идоралар вакиллари, корхона ва ташкилот раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилиш аввалида вилоят прокурори Азамат Мирзаевнинг ҳисоботи тингланди. Унда Президентимизнинг жорий йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган ишлар атрофлича кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича эришилган натижалар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар танқидий таҳлил қилинди. Таъкидланишича, жорий йилнинг биринчи чораги давомида жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишида бир қатор амалий ишлар бажарилган.
Хусусан, вилоят бўйлаб 400 дан ортиқ “намунавий хавфсиз кўча”, 280 га яқин “хавфсиз уй” ташкил этилган. Шунингдек, 1000 дан зиёд видеокузатув камералари ўрнатилган, 4 минг 800 га яқин объект техник қўриқлов тизимига олинган. Жойларда 400 дан ортиқ ташвиш тугмаси ва 700 дан зиёд домофон тизимлари ишга туширилгани маълум қилинди.

Бироқ тадбирда айрим кўрсаткичлар амалдаги реал ҳолатни тўлиқ акс эттирмаётгани алоҳида қайд этилди. Жумладан, аввалги йилларда ўрнатилган баъзи видеокамералар жорий йил ҳисоботларига қайта киритилгани, айрим лойиҳалар эса тўлиқ якунланмаган ҳолда бажарилган деб кўрсатилгани танқид қилинди. Бу ҳолат ҳисобот тизимида шаффофлик ва аниқликка эътиборни кучайтириш зарурлигини кўрсатди.
Шунингдек, кўп қаватли уйларга ўрнатилиши лозим бўлган домофонларнинг бир қисми фақат ҳисоботларда бажарилган сифатида қайд этилган, холос. Натижада минглаб кўп қаватли уйлар ва юз минглаб аҳоли хонадонлари ҳали ҳам тўлиқ замонавий хавфсизлик тизими билан таъминланмаган. Техник қўриқлов тизими бўйича ҳам белгиланган вазифалар тўлиқ ижро этилмагани қайд этилди.

Йиғилишда “қизил тоифа”га киритилган 100 дан ортиқ маҳаллалардаги вазият ҳам алоҳида муҳокама қилинди. Уларнинг аксариятида криминоген ҳолат ҳали ҳам оғир сақланиб қолаётгани, айрим ҳудудларда эса бир неча йил давомида сезиларли ижобий ўзгариш кузатилмаётгани таъкидланди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида ҳам айрим йўлларда транспорт оқими кескин ортиб бораётгани, инфратузилма етишмаслиги сабабли йўл-транспорт ҳодисалари хавфи юқори даражада сақланиб қолаётгани қайд этилди.
Якунда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ҳамда маҳаллаларда барқарор ва хавфсиз муҳитни шакллантириш бўйича барча масъул идоралар зиммасига аниқ вазифалар юклатилди.
А.Мусаев, ЎзА