“Жиноят ҳуқуқи”ми ёки “жазо ҳуқуқи”?
Ҳуқуқий муносабат
Одатда биз “жиноят ҳуқуқи” деган иборани мутлақо табиий, ўзгармас тушунча сифатида қабул қиламиз. Жиноят бўлса — жиноят ҳуқуқи бор, деган мантиқ ўз-ўзидан тушунарли туюлади. Аммо ҳуқуқшунослик нуқтаи назаридан қаралганда, бу атама ортида жиддий мантиқий ва доктринал муаммо яширинган.
Савол оддий: жиноят ҳуқуқи нимани тартибга солади — жиноятми ёки жазоми?
Тошкент давлат юридик университети Тадқиқот маркази кичик илмий ходими Жавоҳир Эшонқулов бу борада қуйидагича тушунча берди:
– Агар чуқурроқ қарасак, жиноят ҳуқуқи жиноятнинг ўзини “ҳуқуқ” сифатида ўрганмайди. Жиноят — бу ҳуқуққа зид хатти-ҳаракат. Ҳуқуқ эса бундай хатти-ҳаракатга давлат қандай муносабат билдириши, қачон ва қандай жазолаши мумкинлигини белгилайди. Демак, мазмунан бу соҳа жиноят ҳақида эмас, жазо ҳақида.
Ҳуқуқ сўзи мазмунан рухсат, ваколат ва адолат тушунчаларини ифодалайди.
Ҳуқуқ жиноятни эмас, унга бўлган давлат муносабатини — яъни жазолаш ваколатини тартибга солади.
Шу боис, Европанинг кўплаб давлатларида бу ҳуқуқ соҳаси бевосита жазо билан номланади. Масалан, Германияда у Страфречт (сўзма-сўз: жазо ҳуқуқи), Францияда дроит пенал, Туркияда эса Cеза Ҳукуку деб аталади. Бу тилларда марказда “жиноят” эмас, балки жазо тушунчаси туради.
Бу оддий таржима масаласи эмас. Терминология ҳуқуқий тафаккурни шакллантиради. Агар ҳуқуқ соҳаси “жиноят ҳуқуқи” деб аталаверса, эътибор жиноятни топиш, таснифлаш ва жазолашга қаратилади. Агар у “жазо ҳуқуқи” деб тушунилса, асосий савол бошқача бўлади: давлат қачон, қай даражада ва қайси чегараларда жазолаши мумкин?
Замонавий ҳуқуқий давлатлар айнан шу саволни марказга қўяди. Германия ва Франция ҳуқуқида жиноят ҳуқуқи давлатнинг жазолаш ваколатини чекловчи механизм сифатида қаралади. Жазо — охирги чора (ултима ратио). Суд жазони автоматик тарзда эмас, балки шахснинг айби, ҳолати, ижтимоий хавфлилиги ва муқобил чоралар мавжудлигини ҳисобга олиб белгилайди.
Бу ерда яна бир муҳим тушунча пайдо бўлади — суд дискрецияси. Яъни суднинг қонун доирасида, лекин ишнинг индивидуал ҳолатларига қараб жазо танлаш ваколати. Дискреция ўзбошимчалик эмас; аксинча, у жазонинг адолатли ва мутаносиб бўлишини таъминлайдиган ҳуқуқий восита.
Ўзбекистон тажрибасида эса вазият бироз мураккаброқ. Қонунчиликда суд дискрецияси, енгиллаштирувчи ҳолатлар, жазодан озод қилиш каби институтлар мавжуд. Бироқ амалиётда улар ҳар доим ҳам барқарор ва тизимли ишламайди. Натижада жазолаш кўпинча жиноят таркибига “маҳкам боғланиб”, шахсий ва ижтимоий омиллар етарлича инобатга олинмаслиги мумкин.
Шу нуқтада терминология яна муҳим рол ўйнайди. “Жиноят ҳуқуқи” атамаси онгимизда жазони эмас, жиноятни марказга қўяди. Бу эса ҳуқуқни чекловчи эмас, кўпроқ репрессив восита сифатида идрок этилишига замин яратади.
Демак, “жазо ҳуқуқи” тушунчасини муҳокамага олиб чиқиш жиноятларни оқлаш ёки жазони юмшатиш дегани эмас. Аксинча, бу жазолаш ваколатини ҳуқуқий давлат талабларига мос равишда тартибга солиш, адолат ва мутаносибликни кучайтириш демакдир.
Бугунги кунда Германия, Франция ва Туркия тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ҳуқуқ соҳаси номланишининг ўзиёқ жиноят сиёсатига таъсир қилади. Шу сабабли Ўзбекистонда ҳам “жиноят ҳуқуқи” атамасини доктринал жиҳатдан қайта кўриб чиқиш, камида уни “жазо ҳуқуқи” концепсияси билан бирга талқин қилиш масаласи долзарб бўлиб бормоқда.
Хулоса қилиб айтганда, савол шунчаки сўзлар ҳақида эмас. Бу савол — давлат жазолашда қанчалик чекланган бўлиши керак, суд қанчалик масъулият билан қарор қабул қилиши лозим, ва инсон ҳуқуқлари жиноят сиёсатининг қайси нуқтасида туриши керак деган фундаментал масалаларга бориб тақалади.
Баъзан ҳуқуқий ислоҳотлар кодексни эмас, терминни қайта ўйлашдан бошланади.
Гулноза Бобоева, ЎзА