Жиноий гуруҳ қўлга олинди
Бухорода товламачилик билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақида вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Бухоро вилояти ИИБ ЖҚБ ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Аниқланишича, фуқаро Р.Ж. исмли шахс жиноий шериги Ш.Б. билан олдиндан жиноий тил бириктириб жиноий гуруҳ тузишади. Бухоро шаҳар Ғиждувон кўчасида жойлашган “Карвон” автошоҳ бекатида 2022 йил май ойидан ҳозирги кунга қадар бўлган вақт оралиғида шу бекатда киракашлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган фуқароларга таҳдид қилиб ноқонуний пул тўловларини тўлашга мажбур қилишади. 15 минг сўмдан 500 минг сўмгача миқдоридаги тўловларни товламачилик йўли билан қўлга киритиб, тўловни амалга оширмаган киракашларнинг фаолиятига қаршилик кўрсатган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Р.Ж. ва Ш.Б. ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 165-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА