“Жибек” спектакли Андижон саҳнасида намойиш этилди
Андижон шаҳрида ўтказилаётган IV TURKSOY халқаро театр фестивали доирасида Бобур номидаги вилоят мусиқали драма театри саҳнасида Қозоғистон театр жамоаси ижросидаги “Жибек” мусиқали спектакли намойиш этилди.
Қозоқ халқининг машҳур “Қиз Жибек” эпоси асосида саҳналаштирилган асарда муҳаббат ва садоқат, миллий қадриятлар ҳамда инсон тақдири билан боғлиқ воқеалар бадиий талқин этилган. Спектакль Жибек ва Тўлеганнинг муҳаббат тарихи, уларнинг орзу-интилишлари ва фожиали тақдири ҳақида ҳикоя қилади.
Саҳна асарида қозоқ халқининг миллий мусиқаси, урф-одатлари ва театр анъаналари замонавий бадиий ечимлар билан уйғунлашган. Ўзига хос саҳна безаклари, миллий либослар, мусиқий композициялар ва актёрларнинг таъсирчан ижроси спектаклнинг бадиий жозибадорлигини оширди.
Томоша давомида қаҳрамонларнинг ички кечинмалари, муҳаббат ва садоқат йўлидаги кураши саҳна ҳаракатлари ва мусиқа орқали очиб берилди.
[gallery-32077]
Мазкур спектаклнинг халқаро фестиваль доирасида намойиш этилиши туркий халқларнинг бой маданий меросини кенг тарғиб қилиш, муштарак қадриятларни асраб-авайлаш ва театр санъати орқали маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА