Женевада Ўзбекистон Омбудсмани тажрибаси ва халқаро амалиётга бағишланган сайд-ивент ўтказилди
Женевада Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар Глобал альянсининг 2026 йилги йиллик йиғилиши доирасида Ўзбекистон ташаббуси билан “Рақамли маконда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: Ўзбекистон Омбудсмани тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзусида сайд-ивент ўтказилди.
Унда йигирмадан ортиқ хорижий давлатлар Омбудсманлари ҳамда қатор халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Сайд-ивентнинг асосий мақсади турли минтақалардаги инсон ҳуқуқлари миллий институтлари ўртасида илғор тажриба алмашиш, рақамли маконда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий ёндашувлари, шунингдек, Ўзбекистон Омбудсмани тажрибасининг илғор ташабусларини муҳокама қилиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Уни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова очиб бериб, мамлакатимизда рақамлаштириш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон Омбудсманининг ўз фаолиятида замон билан ҳамнафас ҳолда, жамиятнинг ортиб бораётган эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини изчил жорий этаётганлиги тўғрисида тўхталиб ўтилди.
Тадбирда Озарбайжон, Италия, Словакия омбудсманлари, Зимбабве Инсон ҳуқуқлари комиссияси, халқаро ташкилотлар ва БМТ тизими экспертлари, жумладан, Justice pour Tous Internationale (JPTi) ташкилоти иштирок этиб, рақамли маконда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид илғор ёндашув ва амалиётлар билан бўлишди.

Мазкур мулоқот майдони дунёнинг 4 қитъасидан (Осиё, Европа, Африка ва Австралия) келган инсон ҳуқуқлари миллий институтлари ва халқаро экспертларни бирлаштириб, рақамли маконда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш учун муҳим платформа вазифасини ўтади.
Тадбирда миллий инсон ҳуқуқлари миллий институтлари фаолиятини рақамли муҳитга мослаштириш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, шахсий ҳаёт дахлсизлиги, онлайн маконда камситиш ва зўравонликнинг олдини олиш, мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқишда рақамли механизмлардан фойдаланиш, шунингдек, сунъий интеллект билан боғлиқ янги чақириқлар муҳокама қилинди.
Айтиб ўтиш керакки, жадал ривожланаётган рақамли жамият шароитида яшамоқдамиз. Жамиятни рақамлаштириш – бу шунчаки технологияларни жорий этиш эмас, балки турмуш тарзи, тафаккур ва ижтимоий муносабатларнинг чуқур трансформациясидир. Ва у янги имкониятлар билан бирга янги муаммолар ва таҳдидларни ҳам олиб келмоқда.
Жумладан, улар қаторига – онлайн маконда камситиш ва зўравонликнинг ўсиши, шахсий маълумотларга ҳужумлар, дезинформация тарқалиши, сунъий интеллектнинг қарор қабул қилиш жараёнларига таъсири ва интернет тармоғида деструктив контентнинг тарқалиши ҳам киради.
Рақамли муҳит жадал суръатларда ўсиб бораётган шароитда, онлайн маконда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи асосий масалалардан бирига айланмоқда. Бунда, инсон ҳуқуқлари миллий институтларининг фаолияти муҳим аҳамиятга эга.
Тадбир якунида рақамли ҳуқуқларни ҳимоя қилишни миллий даражада кучайтириш, бу борада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда миллий институтлар ўртасида доимий мулоқотни мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА