“ЖЧ-2026”: Мексика ва Корея Республикаси ўз гуруҳида пешқадам
Футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг “А” гуруҳида биринчи тур учрашувлари ўз якунига етди. Мексика ҳамда Корея Республикаси терма жамоалари 3 очкони қўлга киритди.
Сапопан шаҳридаги “Акрон” стадионида ўз якунига етган Корея Республикаси — Чехия терма жамоалари баҳси 2:1 ҳисобида якунланди. Учрашувда дастлаб чехиялик Ладислав Крейчи 59-дақиқада ҳисобни очган бўлса, 67-дақиқада Хван Ин Бом ва 80-дақиқада О Хён Гю гол уриб, Жанубий Кораянинг муҳим ғалабасини таъминлади.

Ушбу турнинг илк ўйинида Мексика терма жамоаси Жанубий Африка Республикаси устидан 2:0 ҳисобида зафар қучди.

Шу тариқа, Мексика ва Корея Республикаси терма жамоалари 3 очко билан гуруҳ етакчисига айланган бўлса, Чехия ва ЖАР 3-4-ўринлардан жой олди.
Ушбу гуруҳдаги иккинчи тур баҳслари 18 июнь куни бўлиб ўтади. Унда Чехия — Жанубий Африка Республикаси, Мексика — Корея Республикаси ўзаро рақобатлашади.

12 июнь куни “B” гуруҳида дастлабки турга старт берилади. Унда Канада — Босния ва Герцеговина ва Қатар — Швейцария учрашувига гувоҳ бўламиз.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА