“Жажжи нурли юлдузлар” танлови ўтказилди
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида “Жажжи нурли юлдузлар” танловининг Республика босқичи ўтказилди.
Танловнинг дастлабки босқичларида республика бўйича 7 минг 800 га яқин жамоа таркибида 28 минг 688 нафар тарбияланувчи иштирок этди. Улар орасидан сараланган 14 та жамоа – 70 нафар жажжи истеъдод эгаси республика босқичида ўз қобилияти ва ижодий маҳоратини намойиш этди.
Танловнинг асосий мақсади – мактабгача ёшдаги истеъдодли болаларни аниқлаш, уларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш, миллий маданият ва санъатга қизиқишини ошириш ҳамда миллий ва умумбашарий қадриятларни кенг тарғиб қилишдан иборат.

Бу йил танловда давлат мактабгача таълим ташкилотлари билан бир қаторда нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ҳам иштирок этди. Бу эса болалар учун тенг имкониятлар яратиш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилди.
Танлов “Фольклор” йўналишида ўтказилиб, иштирокчилар халқ эртаклари, мақол ва маталлар, алла, миллий ўйинлар ҳамда анъаналарни акс эттирувчи ижодий чиқишларини намойиш этди.
[gallery-31001]
Иштирокчиларнинг чиқишлари миллий қадриятларни акс эттириши, ижро сифати, жамоавий уйғунлик, саҳна маданияти, миллийлик ва ижодий ёндашув каби мезонлар асосида баҳоланди.
Танлов якунида Республика босқичи ғолиблари ва совриндорлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Н.Усмонова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА