Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жавоби ўзи билан келган савол – “Бугун Ўзбекистонда Конституция ишлаяптими?”

Байрамдан кейинги ўйлар

“Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистонда Конституция ишлаяптими?”, “Бу санани оилавий байрам қилдингизми?”… Кеча интернетда шу мазмунда “сўровнома” қилган баъзи ҳамкасбларимнинг материалларига кўзим тушди.

Оддий одамлар билан суҳбат қилган яхши. Чунки улар жамиятнинг ойнаси.

Лавҳада кимдир “Сиёсатни тушунмайман”, яна бошқаси “Конституция ҳаётда сезилмаяпти”, дейди. Эътибор қилсам, бир пайтнинг ўзида саволга тўлиқ ва чуқур жавоб бера олмаганлар эфирга чиқарилгандек туюлди менга.

Шунда беихтиёр ўйлаб қоласан. Ҳақиқатан ҳам бугун Ўзбекистонда Конституция ишлаяптими?

Саволнинг жавоби ўзи билан келади.

Чунки Бош қонун одамлардан уни ёддан билишни ёки ҳар бир моддани эслаб юришни талаб қилмайди. У ҳуқуқларимизни кафолатлайдиган, давлат органлари қандай ишлаши кераклигини белгилайдиган, жамият ҳаётига ошкора ва босқичма-босқич таъсир қилиб борадиган асосий қонундир.

Эркин фикр билдириш, эркин савол бериш, камера қаршисида “билмайман” дейишнинг ўзи Конституция берган имконият эмасми?

Одамлар “баъзи ҳуқуқлар ҳали тўлиқ ишламаяпти” дея очиқ айта олаётгани, бетараф фикр, танқид ва эркин муносабат борлиги ҳуқуқий натижа эмасми?

Журналистлар кўчада истаган кишига микрофон тутиб, савол бера олаётгани матбуот эркинлиги эмасми?

Яъни кимнинг қандай жавоб бериши Конституция ишлаяптими-йўқми деган ўлчов эмас.

Холислик журналист учун энг муҳим мезон саналади. Саволни провокацияга айлантирмаслик, фақат ноқулай жавоблардан хулоса чиқариб, “аҳвол шундай” деган тасаввур уйғотмаслик адолатдан бўлади.

Конституция бир кунлик байрам эмас. У кундалик ҳаётимиздаги осойишталик, иш, ўқиш, дам олиш, эркин фикр ва адолатнинг ҳуқуқий асосидир.

Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА