Жавлон Ваҳобов: Афғонистон Марказий Осиёда минтақавийлашув жараёни ҳаммуаллифига айланиши керак
Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази томонидан Кобул шаҳрида “Марказий Осиё – Афғонистон” таҳлил марказлари биринчи форуми ташкил этилди.
Тадбирда етакчи таҳлил марказлари раҳбарлари, шунингдек Марказий Осиё давлатлари, Озарбайжон ва Афғонистоннинг сиёсий, илмий-тадқиқот ва ишбилармон доиралари вакиллари қатнашди.
Форумда сиёсий мулоқот ва минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт занжири ва энергетика лойиҳаларини илгари суриш, шунингдек илмий-эксперт ҳамкорлик ҳамда маданий-гуманитар алоқалар кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Афғонистон ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий Кобул Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон билан амалий ҳамкорликни, аввало, савдо, транспорт, энергетика, сув ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Афғонистон ўзини шунчаки қўшни давлат эмас, балки Марказий Осиёдаги минтақавий жараённинг фаол иштирокчиси сифатида кўрмоқда. Мамлакат Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида табиий боғловчи бўғин вазифасини бажариб, транспорт-логистика ва энергетика лойиҳаларини илгари суришдан манфаатдор.

Пойтахтимиздаги Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобов эса шаклланаётган минтақа маконида Афғонистон чекка ҳудуд эмас, балки минтақавий жараённинг тўлақонли иштирокчиси ва ҳаммуаллифи сифатида кўрилиши зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Афғонистоннинг барқарорлиги ва иқтисодий тикланиши бутун Марказий Осиёнинг келгуси тараққиёти билан бевосита боғлиқ.

Хусусан, Трансафғон транспорт йўлаги, TAPI, TAP ва CASA-1000 каби логистика ва энергетика лойиҳалари Афғонистонни транзит ҳудуддан минтақавий ишлаб чиқариш, истеъмол ва саноат тараққиётининг тўлақонли иштирокчисига айлантиришга қодирлиги қайд этилди.

Сув ва иқлим соҳасидаги ҳамкорлик масаласида МОХИ директори Афғонистон иштирокида ҳуқуқий ва институционал асос шакллантириш зарурлиги, шунингдек Қўштепа канали бўйича мулоқот, мунтазам техник маслаҳатлашув, маълумот алмашинуви, қўшма мониторинг, музликларни ўрганиш ҳамда минтақавий ва халқаро майдонда эрта огоҳлантириш тизимларини ривожлантириш муҳимлигига эътибор қаратди.
Афғонистон СТМ директори Абдул Ҳай Қанит транспорт ва савдо ташаббусларини изчил амалга ошириш минтақанинг барча давлатлари манфаатига мос келиши ҳамда Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида узоқ муддатли, ўзаро манфаатли шериклик учун асос яратишини таъкидлади.
Форум якунида иштирокчилар эксперт мулоқотини янада ривожлантириш лозимлигини бир овоздан эътироф этдилар. Мазкур мулоқот минтақа давлатлари ўртасидаги келишувларни амалга ошириш, қўшма тадқиқот ташаббусларини илгари суриш ҳамда хавфсизлик, ўзаро боғлиқлик, сув-иқлим ҳамкорлиги ва барқарор ривожланиш масалалари бўйича умумий ёндашувлар ишлаб чиқиш учун амалий механизм сифатида баҳоланди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА