Жасоратли аёл "Жасорат" медали билан тақдирланди
Бу йилги Наврўз байрами Сирдарё вилоятининг Мирзабод туманидаги Деҳқонобод маҳалласида яшовчи 57 баҳорни қаршилаган II гуруҳ ногирони Маҳбуба опа Исмоилованинг бир умр ёдида қоладиган бўлди. 22 март –Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан Президент фармонига кўра, Маҳбуба Исмоилова "Жасорат" медали билан тақдирланди.
М.Исмоилова гўдаклигидан тақдирнинг аччиқ синовларини бошидан кечирди.У атиги бир ёшга тўлганда ота-онаси автоҳалокатга учраб, ҳалок бўлишди.Бир ёшида ғирт етимга айланган қизалоқни катта опаси Махсумой ўз бағрига олди.Опа синглисини оқ ювиб, кўнглини ўкситмай вояга етказиб, Гулистон давлат университетида ўқитди, кейин турмушга берди.
Олий ўқув юртини тугатгач, Маҳбуба опа ўзи ўқиган тумандаги 21- ўрта мактабда узоқ йиллар бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ берди. Олимжон, Одилжон, Шаҳло исмли фарзандларини тарбиялаб, ўқитиб, уларни эл хизматига қўйди. Тақдир уни яна синовларга рўпара қилди.Оёқларида кучли оғриқ пайдо бўлиб, қадам босиши азобга айланди. Шифокорлар опани тўлиқ кўрикдан ўтказишиб, унга умрбод II гуруҳ ногиронлигини белгилашди.

Матонатли аёл тўшакда ётишни ўзига эп кўрмай, "Дилбар она" хусусий корхонаси ташкил этиб, 10 нафар ишсиз маҳалла аёлларини ёнига олиб тикувчилик қила бошлади. Шижоати, серғайратлиги, матонати билан кўпчиликка ибрат кўрсатмоқда.
Сирдарё вилояти ҳокимлигининг қабуллар уйида Маҳбуба Исмоиловага давлат мукофоти тантанали равишда топширилди.
–Кичик бир меҳнатим учун давлат мукофоти билан тақдирланганим мени беҳад қувонтирди,–дейди Маҳбуба опа.–Ушбу онларда умрим давомида чеккан барча заҳматларим, қийналган чоғларим ёдимдан кўтарилиб кетди.Бунинг учун ҳукуматимиздан, Президентимиздан бир умр миннатдорман.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири