“Жасорат учқунлари”нинг вилоят босқичи ўтди
Хоразм вилоятида жойлашган Жалолиддин Мангуберди ҳарбий академик лицейида “Жасорат учқунлари” ҳарбий-ватанпарварлик ва спорт мусобақаларининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Унда Хоразм вилоятидаги “Жасорат мактаблари”нинг ўқувчиларидан иборат жамоалар иштирок этиб, турли шартлар асосида ўзаро беллашди.
Иштирокчилар саф тайёргарлиги бўйича ўзларининг интизоми ва ҳамжиҳатлигини намоён этган бўлса, тиббий билим ва амалий кўникмалар йўналишида тезкорлик ҳамда тўғри қарор қабул қилиш қобилиятларини синовдан ўтказди.
Шунингдек, робототехника ва ҳуқуқий саводхонлик бўйича ўтказилган шартлар ёшларнинг замонавий билимларга қанчалик эга эканини кўрсатиб берди. Миллий спорт ўйинлари эса мусобақага янада кўтаринкилик бағишлаб, иштирокчиларнинг чаққонлиги ва жисмоний тайёргарлигини амалда ифода этди.
[gallery-28961]
Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунида Хонқа тумани жамоаси барча йўналишлар бўйича юқори натижаларни қайд этиб, фахрли 1-ўринни эгаллади ва мусобақанинг Республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Тупроққалъа тумани жамоасига 2-ўрин насиб этган бўлса, Урганч шаҳар жамоаси 3-ўринни қўлга киритди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари