“Жасорат” медали соҳибаси – маҳалла ифтихори
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Олтиариқ туманининг “Оқбўйра” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Зуҳрахон Орипова ҳаётга бўлган матонати ва жасорати билан атрофдагиларга ибрат бўлиб келмоқда.
У болалигида юз берган бахтсиз ҳодиса туфайли бир қўлидан айрилганига қарамай, ҳаёт синовларига бўйин эгмади. Боқимандалик кайфиятидан йироқ бўлган ҳолда меҳнатни ҳаётининг мазмунига айлантирди.
Бугунги кунда Зуҳрахон Орипова томорқа ишларини мустақил равишда олиб бориб, йил давомида бир неча марта ҳосил олишга эришмоқда. Жорий мавсумда етиштирилган илк ҳосил — редискани сотувга чиқарди. Айни пайтда ҳовлисидаги турли навдаги узумларга агротехник ишлов бериш ишларига тайёргарлик кўрилмоқда.
Хонадонда доимий равишда бир неча бош зотли қорамол парваришланади. Бу ишларга ҳам асосан унинг ўзи бош-қош. Шу билан бирга, фарзандлари таълими ва тарбиясига алоҳида эътибор қаратади. Тўнғич ўғли Аҳмаджон оила қурган. Келинининг билим олиши учун шароит яратилиб, у Марғилон тиббиёт техникумида таҳсил олмоқда. Иккинчи ўғли Абдураҳмон эса ахборот технологияларига қизиқиб, ушбу соҳада билимларини мустаҳкамламоқда.
[gallery-28630]
Зуҳрахон Орипованинг меҳнатсеварлиги ва жасорати давлатимиз томонидан муносиб баҳоланди. У ўтган йили Президентимиз фармонига мувофиқ “Жасорат” медали билан тақдирланди. Шу муносабат билан оиласи билан пойтахтга саёҳат қилиш имконига ҳам эга бўлди.
Ҳозирда ҳам у тинимсиз меҳнат қилиб, томорқа ишлари билан бирга фермер хўжалиги аъзоси сифатида самарали фаолият юритмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА