"Жасорат мактаблари" учун тест синовлари ўтказилди
Самарқанд вилоятидаги “Жасорат мактаблари” учун кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим муассасаларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик раҳбари ва “Жасорат мактаблари” фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, умумтаълим муассасаларида “Жасорат мактаблари” фаолияти йўлга қўйилди. Шу асосда ўтган ўқув йилидан эътиборан танланган мактабларда “Жасорат синфлари” ташкил қилиниб, ўқувчиларнинг дастлабки қабули амалга оширилди. Айни пайтда Самарқанд вилоятининг 16 та туман ва шаҳрида белгиланган таълим муассасаларида мазкур синфлар фаолият юритиб, ўқувчилар таҳсил олмоқда.
[gallery-30165]
– “Жасорат мактаблари”ни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ҳуқуқ-тартибот органлари тизими учун ҳар томонлама етук, соғлом ва ватанпарвар ёшларни тарбиялашдан иборат, – дейди ихтисослаштирилган таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини ўтказиш бўйича масъул Фаррух Болтаев. – Жорий йилда вилоятдаги “Жасорат мактаблари”га 704 нафар ўқувчини қабул қилиш режалаштирилган. Тест синовларида 1500 нафардан ортиқ 5-синф битирувчиси иштирок этди. Абитуриентлар математика ва она тили фанларидан 20 тадан, мантиқий фикрлаш бўйича эса 10 та тест саволига жавоб берди.
Айни кунда Ал-Беруний номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатига ҳамда “Президент иқтидорли фарзандлари ташаббусини қўллаб-қувватлаш” миллий дастури доирасидаги саралаш имтиҳонлари ҳам ташкил этилди. Бу орқали ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқиши оширилиб, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қайд этиб ўтиш жоизки, белгиланган умумтаълим мактаблари дастур асосида “Жасорат мактаблари” маълум бир йўналишларга ихтисослаштирилиши режалаштирилган. Ушбу мактабларни аъло баҳоларга битирган ўқувчиларга белгиланган йўналиш бўйича олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиёзли йўлланма берилиши кўзда тутилган
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари