“Жасорат мактаби” ўқув-йиғинига старт берилди
Сирдарё вилоятида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда Ватанга садоқат, фуқаролик масъулияти ва жасорат туйғуларини мустаҳкамлаш, жисмоний ҳамда маънавий тайёргарлигини оширишга қаратилган “Жасорат мактаби” ҳарбий-ватанпарварлик ўқув-йиғинига старт берилди.
Ўқув-йиғиннинг тантанали очилиш маросими Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони ўринбосари, подполковник Нозимжон Бултуров бошчилигида ўтказилди.
Мазкур ташаббус ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш, уларни Ватан ҳимояси билан боғлиқ шарафли ва масъулиятли вазифаларга маънан тайёрлаш, турли ҳаётий вазиятларда ўзини тўғри тутиш ва жамоада ҳаракат қилиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Лойиҳа Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши, вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси, Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги, вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва куч тузилмалари ҳамкорлигида ташкил этилди.
[gallery-31014]
Тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Азизбек Раҳмонов, вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси мутахассиси Холйигит Ортиқбоев, Тошкент ҳарбий округи тасарруфидаги Мирзаобод туманида жойлашган Сафарбарлик чақируви резерви батальони командири, подполковник Жаҳонгир Усмонов, вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи, подполковник Шаҳзод Жабборов, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, полковник Хуршид Сафаров, Миллий гвардиянинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Отабек Санақулов, вилоят Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари, шунингдек, Мудофаа ишлари бошқармаси Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги майор Бурхон Абдуалимов иштирок этди.
Ўқув-йиғин Тошкент ҳарбий округи тасарруфидаги Мирзаобод туманида жойлашган Сафарбарлик чақируви резерви батальони базасида ташкил этилган. Бу ерда ёшларга ҳарбий хизматнинг ўзига хос жиҳатлари, кун тартиби, интизом ва жамоавийлик тамойиллари, ўқув-йиғиннинг мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тантанали очилиш маросимида таъкидланганидек, бу каби ўқув-йиғинлар ёшларнинг ҳарбий касбларга қизиқишини ошириш баробарида уларда қатъият, масъулият, интизом, тезкор қарор қабул қилиш ва қийинчиликларга бардош бериш каби муҳим фазилатларни шакллантиришга хизмат қилади. Зеро, Ватан ҳимояси нафақат жисмоний тайёргарлик, балки юксак маънавият, мустаҳкам ирода ва фидойиликни ҳам талаб этади.
Тадбирнинг амалий қисми эса иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Тошкент ҳарбий округининг ҳарбий оркестр жамоаси томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар маросимга ўзига хос кўтаринки руҳ бағишлади.
Шундан сўнг, Сафарбарлик чақируви резервида хизмат қилаётган ёш аскарлар ўзларининг ҳарбий тайёргарлик бўйича маҳоратларини намойиш этишди. Жумладан, қўл жанги усуллари, саф тайёргарлиги, АК-74 қуролини қисмларга ажратиш ва қайта йиғиш бўйича амалий машғулотлар намойиш қилинди.
Айниқса, қуролни кўзи боғланган ҳолда қисмларга ажратиб, қисқа вақт ичида қайта йиғиш бўйича бажарилган машқлар томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Бу чиқишлар ҳарбий хизматчиларнинг нафақат жисмоний, балки диққат-эътибор, тезкорлик ва аниқ ҳаракат қилиш борасидаги тайёргарлигини ҳам намоён этди.
Тадбир давомида ҳарбий хизматчилар томонидан Ватан мадҳига бағишланган куй-қўшиқлар ижро этилди. Ватан, халқ ва юрт тинчлиги ҳақидаги қўшиқлар ёшларда миллий ғурур ва фахр туйғуларини янада кучайтирди.
— Энг муҳими, бундай машғулотлар ёшларга ҳарбий хизматни шунчаки касб ёки бурч эмас, балки Ватан олдидаги юксак масъулият сифатида англаш имконини беради. Сирдарёда бошланган “Жасорат мактаби” ўқув-йиғини ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни спорт ва ҳарбий тайёргарликка кенг жалб қилиш, қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим ташаббуслардан бири бўлди, — деди Мудофаа ишлари бошқармаси Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги майор Бурхон Абдуалимов.
Шундай қилиб, Сирдарёда старт олган “Жасорат мактаби” ёшлар учун навбатдаги тадбир эмас, балки уларни ҳаётнинг жиддий синовларига тайёрлайдиган ўзига хос мактаб вазифасини ўтамоқда. Бу ерда шаклланган интизом, матонат ва Ватанга садоқат туйғулари эса ёш авлоднинг келгуси ҳаётида муҳим таянч бўлиши шубҳасиз.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА