“Жасорат мактаби” нинг навбатдаги мавсуми бошланди
Бугун ёшлар орасида “Жасорат мактаби” ҳақидаги суҳбатлар тез-тез қулоққа чалинадиган бўлди. Бундан бир неча йил аввал бошланган ўн кунлик ҳарбий-ватанпарварлик йиғини ҳаёт йўлини тўғри изга солмоқчи бўлган ёшларга йўл кўрсатувчи маёқ бўлиб хизмат қилмоқда. Йиғин иштирокчилари ўн кун давомида белгиланган кун тартиби асосида ташкил этилган машғулотлар, илк ҳарбий кўникмаларига эга бўлади ҳамда касб-ҳунарга йўналтирилади.
Ушбу йиғинга қашқадарёлик ёшлар ҳам катта қизиқиш билдирмоқда. Куни кеча ҳарбий ватанпарварлик лойиҳасининг янги мавсумига старт берилди.
Қашқадарё вилоятининг турли шаҳар ва туманларидан келган ёшлар Қарши шаҳридаги Ёшлар маркази биносида тантанали кутиб олиниб, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли Нишон ҳамда Муборак туманларидаги ҳарбий қисмларга тантанали кузатилди. Иштирокчилар ҳарбий қисмларда тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга ҳарбий кийимлар тарқатилди.
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшлар ўртасида ватанпарварлик руҳини шакллантириш, садоқат тушунчаларини тарбиялаш мақсадида ўтказилаётган “Жасорат мактаби” лойиҳасининг жорий мавсумида 350 нафар банд бўлмаган (оталиққа олинган, жиноят қилишга мойиллиги бўлган , профилактик ҳисобда турувчи) ёшларга 15 дан ортиқ касб-ҳунар ўргатилиши режалаштирилган. Хусусан, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ўқитиш бўйича “Жасорат мактаби” ўқув йиғини дастури ишлаб чиқилган бўлиб, 10 кун ичида улар билан ҳарбий, маънавий-маърифий тайёргарлик, IT-технологиялари, тадбиркорлик ҳамда касб-ҳунар, шунингдек, автосервис хизмати, сантехник ва чилангарлик, умумқурилиш ишларини ўрганиш бўйича машғулотлар ташкил этилади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари