“Жасорат мактаби” — интизом ва мардлик синови
Сирдарё вилоятида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни турли салбий иллатлардан асраш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш мақсадида кенг қамровли “Жасорат мактаби” ҳарбий-ватанпарварлик ўқув йиғинига старт берилди.
Ушбу ташаббус Сирдарё вилоят ҳокимлиги, вилоят ёшлар ишлари бошқармаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Мудофаа ишлари бошқармаси, Гулистон ҳарбий прокуратураси ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида ички ишлар органлари профилактик ҳисобида турган, жиноят содир этишга мойил деб баҳоланган 100 нафар ёш Мирзаобод туманида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ихтисослаштирилган ўқув марказига йўналтирилди. Бу ерда иштирокчилар нафақат ҳарбий-ватанпарварлик машғулотларида қатнашади, балки ҳарбий хизмат тартиби билан яқиндан танишиш, касб-ҳунарга бўлган қизиқишларини ошириш ҳамда хорижий тилларни ўрганиш имкониятига ҳам эга бўлади.

Ташриф давомида ёшлар тиббий кўрикдан қайта ўтказилди. Шунингдек, марказда яратилган замонавий инфратузилма, махсус ўқув полигонлари, ҳарбий техника ва жиҳозлар билан яқиндан танишиб, ҳарбий тайёргарлик жараёнларини амалда кузатдилар. Намойиш машғулотларида тезкор ҳаракатланиш, жамоада ишлаш, фавқулодда ҳолатларда тўғри қарор қабул қилиш каби муҳим кўникмалар амалда намоён этилди.

Мутахассислар томонидан ўтказилган суҳбатларда ҳарбий хизматнинг мазмун-моҳияти, интизом, бурч ва масъулият тушунчалари, шунингдек, жисмоний ҳамда маънавий тайёргарликнинг аҳамияти батафсил тушунтирилди. Бу эса ёшларда нафақат қизиқиш уйғотди, балки уларни аниқ мақсад сари интилишга ҳам ундади.

Қайд этиш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан йўлга қўйилган “Жасорат мактаби” ҳарбий-ватанпарварлик ўқув йиғинлари мамлакатимизда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимининг муҳим бўғинига айланиб улгурган. Ушбу лойиҳа орқали иштирокчилар назарий билимлар билан бир қаторда амалий кўникмаларни ҳам эгаллаб, келгусида ҳарбий таълим муассасаларига киришда муайян имтиёзларга эга бўлиш имкониятини қўлга киритадилар.

– Ушбу ўқув йиғинидан асосий мақсад ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда тўғри йўналтиришдир. Шу асосда иштирокчилар тўртта гуруҳга ажратилиб, касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитилмоқда, – дейди вилоят ёшлар ишлари бошқармаси масъул ходими Холжигит Ортиқбоев.

Шунингдек, йиғин жараёнига турли куч тузилмалари ва идоралар мутахассислари жалб этилган. Улар ҳар бири ўз йўналиши бўйича амалий машғулотлар ўтказиб, ёшларга зарур тавсия ва маслаҳатлар бермоқда.
– Бу каби йиғинлар орқали ёшларда ҳарбий ҳаёт ҳақида дастлабки тушунчалар шакллантирилади. Энг муҳими, ҳар бир куч тузилмаси ўз йўналишидан келиб чиқиб, амалий кўникмаларни ўргатади, – дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими Баҳром Абдурашидов.
Якунланган машғулотлар иштирокчилар қалбида Ватанга муҳаббат, садоқат, мардлик ва жасорат каби юксак фазилатларни янада мустаҳкамлаш, юрт тинчлиги ва хавфсизлиги учун масъулият ҳисси билан камол топишларига хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири