Жарима тўлангач фуқаро жазодан озод этилди
Жиноят кодексининг тегишли моддасига кўра, агар ҳукм қилинган шахс жазо тариқасида тайинланган жаримани мажбурий ижро этиш учун белгиланган муддатларда тўлашдан бўйин товласа суд жариманинг тўланмаган миқдорини мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, хизмат бўйича чеклаш, озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштирилиши белгиланган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси Наманган тумани бўлими иш юритувида айнан судлар томонидан қўлланилган жиноий жарималарни тўлаш билан боғлиқ ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Фуқаро Ш.Қ. га жиноят ишлари бўйича Наманган тумани судининг 2021 йил 16 июндаги ҳукмига асосан Жиноят кодексининг турли моддалари билан 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 2 йил озодликни чеклаш ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида, яъни 66 миллион 900 минг сўм жарима жазоси тайинланди. Мазкур жаримани ундириш Бюронинг туман бўлими иш юритувига келиб тушади.
– Ушбу масала юзасидан қарздорга ихтиёрий муддатда тўлаш бўйича имконият бердик, бироқ фуқаро бу имкониятни суъистемол қилиб, қарздорликни бартараф этмади, – дейди МИБ Наманган туман бўлими бошлиғи Акмал Икромов. – Иш мажбурий ҳаракатларга қаратилди. Аммо қарздорда ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулк мавжуд эмаслиги сабабли судга тақдимнома киритилди. 2021 йилнинг 7 декабрь куни бўлиб ўтган суд мажлисида тақдимнома қаноатлантирилиб, Ш.Қ томонидан тўланмаган катта миқдордаги жарима жазоси 1 йилу 6 ой 7 кун озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди. Шундан сўнг маҳкум ва унинг қариндошлари қарздорликни бартараф этди. Апелляция тартибида шикоят қилиб, жаримани тўлиқ тўлагани сабабли озодликдан маҳрум қилиш жазосини бекор қилиш сўралди.
Апелляция судлов ҳайъати шикоятни атрофлича кўриб, жарима тўлиқ тўланганини ҳисобга олган ҳолда қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси бекор қилиниб, фуқаро озод қилинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА