Жанубий Корея КХДР билан музокара ўтказишни таклиф қилди
Сеул Пхеньян билан чегара келишмовчилигини ҳал қилиш ва фронт чизиғи ҳудудида тасодифий тўқнашувнинг олдини олиш учун ҳарбий музокара ўтказиш таклифи билан чиқди. “Associated Press” хабарига кўра, Жанубий Корея яқинда мина портлаши оқибатида уч нафар аскари жароҳат олгандан кейин кескинликни юмшатишга ҳаракат қилмоқда.
– Миллий мудофаа вазирлигимиз КХДР расмийларига Жануб ва Шимол ўртасида ҳарбий музокара ўтказиш бўйича расман таклиф билдирмоқда, – деди Корея Республикаси мудофаа вазири ўринбосари Ким Хон Чхоль. – Шу тариқа ер усти ҳарбий демаркация ҳудудининг аниқ жойлашувини ўзаро тасдиқлаш, ҳарбий алоқа чизиғини тиклаш ва чегарада тасодифий тўқнашувга йўл қўймаслик чорасини муҳокама қилиш имкони пайдо бўлади.
Қўшимча қилинишича, Сеул Вашингтон шафелигида БМТ қўмондонлиги иштирокидаги уч томонлама музокарага ҳам очиқ.
С.Раҳимов, ЎзА