Жанубда “Шунқорлар” ҳарбий-спорт мусобақасига старт берилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раиси Ҳусан Ботировнинг ёшлар билан учрашуви ташкил этилди.
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Термиз гарнизони маданият марказида “Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида ўтказилган очиқ мулоқот 9 майнинг мазмун-моҳиятига ҳамоҳанг тарзда, юксак руҳда кечди. Тадбир давомида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, техник ва амалий спорт турларини ривожлантириш ҳамда замонавий касбларга йўналтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Айниқса, Хотира ва қадрлаш куни олдидан ўтказилган ушбу учрашувда ёшларнинг ўқув, касб-ҳунар ва спорт йўналишлари бўйича мурожаатлари жойида ҳал этилгани тадбирнинг амалий аҳамиятини янада оширди.
[gallery-28956]
Учрашувда сўзга чиққанлар 9 май санасининг тарихий аҳамиятига тўхталиб, бугунги тинч ҳаётимиз Ватан озодлиги ва осойишталиги йўлида жонини фидо қилган аждодларимиз жасорати эвазига эканини таъкидлади. У ёшларни ана шу мардлик ва фидойилик анъаналарига содиқ қолган ҳолда, юрт равнақи йўлида фаол бўлишга чақирди.
Тадбирнинг энг муҳим воқеаларидан бири – “Шунқорлар” ҳарбий-спорт ўйинларига тантанали старт берилди.
Ушбу мусобақалар ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, уларни жисмонан чиниқтириш ва жамоавийлик руҳини шакллантиришга хизмат қилади.
“Раҳбар ва ёшлар” учрашуви доирасида ташкил этилган кўргазмали чиқишларда автокросс, мотокросс, картинг, биатлон, дуатлон, пневматик қуролдан ўқ отиш, авиамодель, ракетамодель ва кемамодель йўналишлари бўйича секциялар фаолияти намойиш этилди. Шунингдек, ҳарбий хизматчилар томонидан замонавий қурол-яроғлар кўргазмаси, учувчисиз учиш аппаратларининг манёврлари, қўл жанги чиқишлари ҳамда ҳарбий оркестр ижросидаги куй-қўшиқлар тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Тадбир 9 май – Хотира ва қадрлаш кунининг мазмунини амалда намоён этиб, ёшлар қалбида аждодлар хотирасига ҳурмат, Ватанга садоқат ва юрт асраш туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА