Жанговар шайлик – ғалаба гарови
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти курсантларининг жанговар шайлик даражаси текширилди. Жараёнда бўлажак офицерларнинг ҳужжатлари, уларга бириктирилган қурол-яроғ ва ҳарбий аслаҳа-анжомларининг бутлиги, билими синовдан ўтказилди.
Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти ЎзАга хабар берди.
Назорат текшируви Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондонининг ўринбосари полковник Шокир Хайиров ва ҳарбий институт етакчилари томонидан амалга оширилди.

– Ҳарбий хизматчи ҳар қандай шароит ва вазиятда ҳам жанговар шай, ахлоқий-руҳий ҳолати жойида бўлиши зарур, – деди Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти курс бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, капитан Шерқўзи Ҳакимов. – Чунки доимий жанговар шайлик ғалабанинг муҳим асосидир.
Текширув натижасига кўра курсантларнинг шайлиги юқори баҳоланди.
