Жамоатчилик назорати маҳалла тараққиётига хизмат қилади
Қумқўрғон туманида Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон, Бандихон ва Шўрчи туманлари маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари учун “Ўзбекистон – 2030” стратегияси: фуқаролик жамияти институтлари учун янги имкониятлар” мавзуига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти вилоят ташкилоти ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимизнинг жорий йил 16 февралдаги “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармони юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Тадбирда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари З.Алимардонова ва бошқалар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида амалга оширишга оид давлат дастурининг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берди. Унда белгиланган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳиятини фуқаролик жамияти институтлари вакилларига етказиш, уларнинг ислоҳотлардаги иштирокини кенгайтириш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини мустаҳкамлаш, яратилаётган янги имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама этилди.

Давра суҳбатида таъкидландики, дастурда маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш ва уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш ғоясининг илгари сурилгани саноат ва хизматлар кўрсатиш тармоқларини янги босқичда ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Аҳолининг ижтимоий муаммолари ҳал этилиб, маҳаллалар қиёфаси тубдан ўзгаряпти. Жумладан, маҳаллаларга ўз муаммоларини мустақил ҳал этиши учун молиявий имкониятларни кенгайтириб, қўшимча манбалар яратилди. Маҳаллаларда аҳоли муаммоларини “хонадонбай” ўрганиш ва давлат органлари томонидан уларнинг ҳал этилишини онлайн назорат қилиш тартиби жорий этилди. “Маҳалла еттилиги” фаолиятини ташкил этиш жараёнлари ислоҳ қилиниб, ўз вазифасига масъулияти оширилди. Олис ҳудудлардаги маҳаллаларда аҳолининг жамият ҳаётида ижтимоий фаол бўлишини таъминлаш, фуқаролар йиғинларининг аҳоли муаммоларини ҳал этишдаги ролини оширишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, маҳалла ходимлари фаолиятини илмий асосда ташкил этиш, уларнинг билим ва кўникмаларини доимий ривожлантириш тизими йўлга қўйилди.

Маҳаллаларда саноат ва хизматлар кўрсатишнинг ривожланаётгани янги иш ўринлари ташкил этиб, аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашмоқда. Ишсизлик ва камбағалликдан холи маҳаллалар сони кенгайиб, оилаларнинг турмуш даражаси юксалмоқда.
– Ўтган йил вилоятда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 60 минг оиланинг 274 мингдан ортиқ аъзоси камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 9,3 фоиздан 4,5 фоизга туширилди, – дейди Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Зебунисо Алимардонова “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида воҳанинг камбағаллик даражасини 2,8 фоизга тушириш белгилаб олинган. – Ангор, Денов, Жарқўрғон, Қизириқ, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳрини “ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудуд”га айлантириш режалаштирилган. Бундай улуғ мақсадни рўёбга чиқариш учун маҳаллаларда жамоатчилик назоратини кучайтириш, белгиланган вазифаларни бажаришда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини янада кенгайтириш лозим.

Давра суҳбатида стратегияда белгилаб берилган вазифаларни сифатли бажариш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири