Жамоат хавфсизлигини сақлаш – муҳим вазифа
Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Диёрбек Сатторов Бухоро вилоятида бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида белгиланган вазифалар ижроси, шунингдек, ҳудудда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганди.
Дастлаб вилоят ИИБ Тиббиёт бўлими госпитали фаолияти билан танишилди. Ҳозирги кунда 96 нафар бемор даволанаётган шифохонанинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, тиббий хизматлар сифатини ошириш, шунингдек, нафақат тизим ходимлари, балки аҳоли учун ҳам сифатли пуллик тиббий хизмат кўрсатиш йўналишларини жорий этиш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Шундан сўнг у ИИВ Бухоро академик лицейида бўлиб, таълим-тарбия жараёнлари билан яқиндан танишди. Ўқувчилар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, жумладан, 24 нафар ёш билан профилактик суҳбатлар ташкил этилди. Лицейда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш мақсадида ўқувчиларнинг овқатланиш рационини қайта кўриб чиқиш, таълим сифатини ошириш учун ИИВ академияси профессор-ўқитувчилари иштирокида масофавий дарслар ташкил этиш лозимлиги таъкидланди.

“Юлдузча” мактабгача таълим ташкилоти фаолияти ҳам ўрганилди. Вилоят ички ишлар бошқармасида ўтказилган йиғилишда Президентимизнинг жорий йил 27 январ кунги йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳар томонлама таҳлил қилинди. Мавжуд муаммолар танқидий руҳда муҳокама қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, тизим фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича вазифалар белгиланди.

Замонавий ахборот технологияларини соҳага жорий этиш ҳолати Тезкор бошқарув маркази фаолияти мисолида таҳлил қилинди. Вилоят бўйича 14 мингдан ортиқ кузатув камералари интеграция қилинган 46 та сервер ва сунъий интеллектга асосланган “Қалқон” дастури орқали бошқарилаётган ягона тизим имкониятлари юқори баҳоланди. Жамоат жойларида хавфсизликни тўлиқ рақамлаштириш, жиноятчиликни барвақт аниқлаш ва олдини олиш механизмларини кучайтириш орқали жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, Бухоро шаҳридаги С.Айний маҳалласида “маҳалла еттилиги” фаолияти атрофлича ўрганилди. 7 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган мазкур ҳудудда жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларни эрта аниқлаш ва профилактика ишларини кучайтириш мақсадида Президентимиз топшириғи асосида пойтахтда синовдан ўтган “Чилонзор тажрибаси”ни кенг жорий этиш бўйича тавсиялар берилди. Хусусан, маҳалланинг “Йўл харитаси”ни қайта ишлаб чиқиш, ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш ҳамда криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича фикрлашилди.
Зариф Комилов, ЎзА