Жамоат саломатлиги – тараққиёт мезони
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш ва глобал хавфларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда соҳага замонавий ёндашувлар, рақамли технологиялар ва илғор халқаро тажрибаларнинг кенг жорий этилаётгани юртимизда кучли ва барқарор жамоат саломатлиги тизимини шакллантиришда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг санитария-эпидемиология хизмати ва жамоат саломатлигини мустаҳкамлаш ишларига кўплаб нуфузли хорижий ҳамкорлар ва молия институтлари фаол жалб этилмоқда. Хусусан, амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида соҳага Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилма инвестициялари банки иштирокидаги лойиҳалар доирасида 200 млн. AҚШ доллари, OИТС, сил ва безгакка қарши кураш бўйича Глобал жамғарма томонидан 32,7 млн. AҚШ доллари, KOICA томонидан 14,15 млн. AҚШ доллари ҳамда GIZ томонидан 10 млн. Евро миқдорида инвестициялар ва грант маблағлари йўналтирилган. Шунингдек, Жаҳон банки, CDC, халқаро миграция ташкилоти, UNICEF, ЖССТ ва KOFIH каби қатор халқаро тузилмалар билан ҳамкорликда иммунизация, оналар ва болалар саломатлиги, лаборатория хизматларини кучайтириш ҳамда хавфли касалликларнинг эрта диагностикаси бўйича миллионлаб долларлик қўшма лойиҳалар муваффақиятли рўёбга чиқарилмоқда.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг йиллик координация йиғилиши ҳамда мамлакатимизда ушбу тизимни баҳолашнинг якуний натижаларига бағишланган халқаро давра суҳбатида ана шулар ҳақида сўз юритилди. Жамоат саломатлиги тизимини ислоҳ қилиш жараёнлари чуқур таҳлил қилинган ҳолда эришилган ютуқлар кўздан кечирилди. Халқаро ташкилотлар билан амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар кўламини кенгайтириш ҳамда тизимни янада такомиллаштиришга қаратилган стратегик йўл харитаси лойиҳаси тузилди. Миллий ва хорижий мутахассисларнинг таклифлари асосида соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди. Амалий ёндашувлар ва янги технологик ечимларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, пойтахтимизда оқова сувлар асосида эпидемиологик назоратни кенгайтириш, ичимлик ва оқова сувлар мониторингини интеграциялашган ҳолда йўлга қўйиш режалаштирилган. Бундан ташқари, санитария назоратини тўлиқ рақамлаштириш мақсадида объектларда «body-camera» ва планшетлардан фойдаланишни кенгайтириш, миллий генетик лабораторияни такомиллаштириш ҳамда атмосфера ҳавоси, сув ва шовқин омилларининг аҳоли саломатлигига таъсирини рақамли платформалар орқали чуқур таҳлил қилиш каби истиқболли вазифалар белгилаб олинди.
Жамоат саломатлиги – тараққиёт мезони бўлиб, фақатгина юқумли касалликларнинг олдини олиш билан чекланиб қолмайди. Атроф-муҳит мувозанати, экологик омиллар ва хавфсиз ҳаёт тарзини доимий кузатиб боришни ҳам талаб этади. Бу борада қилинаётган ишлар, белгиланган устувор вазифалар юртимизда аҳоли фаровонлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизимининг барча бўғинларини замонавий талаблар асосида ривожлантириш ҳамда халқаро ҳамкорликни янги босқичга кўтаришда жуда муҳим.
Моҳигул Қосимова, ЎзА