“Жамиятда ўз ўрнимни топяпман”
Ижтимоий ҳимоя
Сўнгги йилларда ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга кўрсатиладиган ижтимоий хизмат ва ёрдамлар сифат босқичига олиб чиқилди. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган протез ва реабилитация воситалари рўйхати 18 тадан 30 тага, маблағи эса сезиларли даражада оширилди. Жорий йилнинг 13 декабрь куни Президентимиз раҳбарлигида ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилган ишлар ва 2025 йилдаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, энди рўйхатга яна 7 турдаги воситалар қўшилиши белгиланди.

Бундан ташқари, ҳудудларда имконияти чекланган шахслар учун онлайн ваучер шакллантириш орқали фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига чек қўйилди. Масалан, Қашқадарё вилояти Қамаши туманида яшовчи Нурвали Жуманов айни пайтда 32 ёшда. 2018 йилда хорижга ишлаш мақсадида бориб, қурилиш ишларида фаолият юритган. Эҳтиётсизлик оқибатида юқори қаватдан тушиб кетган ва оғир тан жароҳати олиб юртига қайтган. Унга I-гуруҳ ногиронлиги белгиланган. Мустақил ҳаракатлана олмайди. Оилада асосий боқувчи ўзи бўлганлиги боис бора-бора моддий жиҳатдан анчагина қийинчиликларга дуч кела бошлаган эди.

Ҳукуматимиз томонидан ногиронлиги бор шахсларга қаратилаётган эътибор Нурвалининг ҳаётига ҳам нур олиб кирди, десак муболаға бўлмайди. Хусусан, Қамаши тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан Нурвали Жуманов протез мосламалари билан таъминланди. Шунингдек, электрон юритмали ногиронлик аравачаси ҳам тақдим этилди.

– Ҳаракат қилган кам бўлмайди, – дейди Нурвали Жуманов. – Протез пойабзал ва тутор билан таъминланганимдан сўнг мустақил ҳаракатлана бошладим. Якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйдим. Кичиккина бинода компьютер хизматлари кўрсатяпман. Бундан ташқари, савдо-сотиқ ишларини ҳам олиб бориб, даромад қиляпман. Моддий томондан аҳволим яхшиланиб жамиятда ўз ўрнимни топяпман.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жорий йил давомида вилоятда муҳтож шахслар 1 минг 607 та протез ортопедия, 6 минг 283 та реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминланди. Шундан 930 та протез ортопедия ва 1 минг 984 та реабилитация қилишнинг техник воситалари ваучер шакллантирилиши орқали етказиб берилган.
Ўлмас Баротов,
ЎзА мухбири