Жамият тараққиётида педагогиканинг ўрни
Ҳар сафар фан-таълим тўғрисидаги мунозараларни кузатиб турганимда, бир ҳақиқатга янада аниқроқ ишонч ҳосил қиламан: педагогика билан ўқитиш методикасисиз ҳеч бир фан соҳаси узоқ йўл боса олмайди. Гоҳида айримлар педагогика фанини иккинчи даражали, ҳатто “ёрдамчи” соҳа сифатида тилга олади. Менимча бундай қараш нафақат адолатсиз, балки илм-фаннинг ўзига хос табиатидан ҳам бехабарликдан далолат беради.

Буни қандай изоҳлаш мумкин? Энг буюк илмий кашфиёт ҳам, агар уни кейинги авлодга етказадиган одам бўлмаса, оддий бир варақ қоғозга айланиб қолади. Эйнштейннинг нисбийлик назарияси, Менделеевнинг даврий жадвали, Абу Али ибн Синонинг тиббий рисолалари – буларнинг ҳаммаси ўз вақтида чин маънодаги ўқитувчилар, муаллимлар, устозлар орқали кейинги авлодга етиб келди. Агар мактабда болага табиий –илмий фанлар моҳиятини тушунтириб бера оладиган ўқитувчи бўлмаса, эртанги Эйнштейн ҳам, эртанги Абу Али ибн Сино ҳам туғилмайди. Шу боис, мен педагогикани илм оламининг айнан биринчи қаватдаги тамал тоши деб биламан.
Кўпинча шундай асоссиз эътирозни эшитамиз: “Педагогика бўйича диссертациялар сони ҳаддан ташқари кўпайиб кетди, бу соҳанинг саёзлиги аломати”. Бундай мулоҳазаларни эшитганимда ўйга толаман. Ахир ҳар бир соҳада ўнлаб, юзлаб тадқиқотлар олиб борилади. Уларнинг ҳаммаси бир даражада бўлиши табиий ҳол. Аммо биров чиқиб “мана, физика бўйича диссертациялар жуда кўпайиб кетди, демак математика йўқолиб бормоқда” демайди-ку! Агар ҳар бир фан бўйича биттадан диссертация ҳимоя қилинса (масалан, математикадан — 1 та), педагогика йўналишида эса 25 та диссертация ҳимоя қилинишига тўғри келади. Шунингдек, улардан бири умумий ўқитиш методикасига, яна бири эса физикани ўқитиш методикасига бағишланади. Назаримда, бу ҳолат муайян гуруҳ доирасида шаклланган андозавий ёндашувларнинг такрорланишидан бошқа нарса эмас.
Иккинчидан, педагогика – бу жамият билан тенг қадам ташлайдиган соҳа. Бундан ўн йил олдин болаларни ўқитиш услуби билан бугунги болаларни ўқитиш услуби бир хил эмас. Ҳозирги ёш авлод ахборот оқими орасида ўсиб улғаймоқда, уларнинг тафаккур тарзи, диққатни жамлаш қобилияти, ҳатто хотираси ҳам аввалги авлодлардан фарқ қилади. Ана шу ўзгаришларга мос ўқитиш йўлларини излаш, янги методикаларни тайёрлаш, синаб кўриш – нима, илмий иш эмасми? Албатта, илмий ишдир. Шу боис педагогика бўйича тадқиқотлар сонининг ортиб бориши бу таълим тизимимизнинг ҳаёт билан ҳамоҳанг бўлишга интилаётганидан далолат беради.
Учинчидан, ҳеч бир аниқ фан ўз методикасисиз ривожлана олмайди. Дейлик математика ўқитишда ёш талабага мураккаб формулалар, моделлар, кўргазмали тажрибалар ёрдамида тушунтириш билан, оддий доска ва бўр билан сўзлаб бериш ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Демак, ҳар бир фаннинг ўз методикаси, ўргатиш йўли, тушунтириш йўриғи бор. Ана шу йўриғни илмий жиҳатдан асослаб бериш, тажрибада синовдан ўтказиш буни айнан педагогика илми бажаради. Шу маънода, педагогикасиз ҳеч бир фан тўлиқ бўла олмайди.
Бу фақатгина мактаб ёки олий таълим масаласи эмас. Илмий институтда ишлаётган тадқиқотчи ҳам, агар ўз изланишининг методикасини билмаса, қайси усулдан, қайси кетма-кетликда фойдаланишни англамаса, унинг иши натижа бермайди. Ҳар бир тадқиқотчи аввал “менинг тадқиқотим методикаси қандай бўлиши керак?” деган саволга жавоб излайди. Бу савол ҳам моҳиятан педагогик саволдир. Чунки тадқиқот методикасини шакллантириш методика илмининг тармоқларидан биридир. Демак, ҳар қандай фан, ҳатто энг “аниқ” ва “мураккаб” дея ҳисобланган соҳа ҳам, методик асосларсиз ривожлана олмайди.
Тўртинчидан, шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, педагогика билан жиддий шуғулланиш осон иш эмас. Ҳақиқий педагогик тадқиқот учун олим психология, социология ҳамда ўзи ўргатаётган соҳасининг моҳиятини билиши керак. У ўқувчининг қандай ўйлашини, нимадан қачон чарчашини, қандай мисол келтирилса яхшироқ англашини билиши шарт. Шунинг учун бир гуруҳ касбдошларимдан илтимос қилмоқчиман: педагогика билан шуғулланаётганларни четлаштириш ўрнига, аксинча уларни қўллаб-қувватлайлик.
Педагогика билан ўқитиш методикаси бу шунчаки бир соҳа эмас, балки бутун илм-фан биносининг тамал тоши, асоси, пойдеворидир. Уни заифлаштириб, ундан баланд бино қуриш мумкин эмас. Аксинча, бу пойдеворни мустаҳкамлашимиз, унга илмий жиҳатдан янги нигоҳ ташлашимиз, ундаги камчиликларни биргаликда бартараф этишимиз керак. Бу соҳада меҳнат қилаётган касбдошларимизни эса танқид қилиш ўрнига, рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш керак. Чунки уларнинг меҳнати бевосита фарзандларимизга, келажак авлодга йўналтирилган. Уларнинг муваффақияти – бизнинг муваффақиятимиз. Уларнинг тажрибаси – бизнинг тажрибамиз.
Ҳар бир фан, жумладан, математика ва педагогика ўзининг методикасисиз бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Ҳар бир ҳақиқий олим эса, аввало, ўз соҳасида янгилик яратиш билан бирга, бу янгиликни кейинги авлодга қандай етказиш ҳақида ҳам ўйлайди. Айнан шу нуқтада педагогика илми билан бошқа фанлар бир-бирини тўлдиради, бир-бирига куч беради. Шу маънода, янги Ўзбекистонни барпо этишда бу соҳа дастуриламал деб ҳисоблайман. Чунки ҳаёт ўз ҳақиқатини кўрсатади: ҳеч бир жамият ўз ўқитувчиларисиз, методикасисиз, педагогик илмисиз ривожлана олмаган ва ривожлана олмайди.
Ризамат Шодиев,
Қарши давлат университети
Бошланғич таълим кафедраси мудири,
педагогика фанлари доктори, профессор.
ЎзА