Жамият аёллар фаоллигидан манфаатдор бўлмоғи керак
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 21 ноябрь куни қабул қилган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишида жойларда Асосий қонунимизга бағишланган байрамни янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик руҳига ҳамоҳанг тарзда нишонлашга катта эътибор қаратилган.
Бу борада нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, оила, оналик, болалик ва оталикни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини кенг тарғиб қилишдек муҳим вазифа кўзда тутилган.
Маълумки, Конституциямизда аёллар ва қизлар манфаатини таъминлаш борасида ҳам кенг имкониятлар муҳрланган. Хотин-қизлар фаоллигини таъминлашга оид имкониятлар ҳақида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессори, юридик фанлари доктори Нигора Юсупова ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган янгиланиш жараёнлари жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олди. Бу борада, энг аввало, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, оила институти мустаҳкамлигини таъминлашга оид ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш учун зарур институционал базани ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил июнь ойида Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда “Биз барпо этаётган Янги Ўзбекистон учун инсон қадри ва халқ манфаати ҳамма нарсадан устундир”, дея таъкидлар экан, конституциявий ислоҳотларнинг биринчи йўналиши сифатида – инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масалаларининг муҳим жиҳатларига асосий эътибор қаратди ҳамда энг муҳим омилларни таҳлил қилиб берди.
Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистон жаҳоннинг ривожланган давлатлари қатори ўз миллий қиёфасида, яъни ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида халқимизнинг миллий менталитетига хос бўлган ижобий анъаналар ва қадриятларни сақлаб қолган ҳолда майдонга чиқмоқда. Бу давр жамиятимизда аёлларни улуғлаш, давлат томонидан уларнинг ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва маънавий манфаатларини ҳимоя қилишнинг далили сифатида тарихда ёрқин из қолдиради.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев алоҳида таъкидлаб ўтганларидек: “Жамиятни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларимиз натижасида янги Ўзбекистон шаклланмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиздаги демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олди. Биз учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда. Янги парламентимизда аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайди”.
Ўзбекистон Республикасида демократик фуқаролик жамияти қуриш жараёнида жамиятимизда янгича сиёсий муносабатлар, дунёқараш, янгича сиёсий маданият шаклланмоқда. Мазкур демократик сиёсий маданиятнинг тараққиёт жараёнида хотинқизлар манфаатлари янги миқёсда ва мазмунда намоён этилиши, тўлақонли амал қилиниши, жамият онгида мунтазам жой олиши ва ниҳоят ҳар қандай шароитда ўзлигини йўқотмаслиги лозим.
Жамиятни демократлаштириш даврида хотинқизларга бўлган муносабат ҳамда улар ҳаётий тажрибаси, интеллектуал салоҳияти ва имкониятларидан жамият ривожи учун фойдаланиш ана шу қурилаётган давлатчилик асосларининг либераллиги ва илғорлигидан далолат беради. Фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнидаги давлатчилигимиз учун муҳим бўлган масалалардан бири хотинқизларни бунёдкорлик жараёнларига не чоғли жалб этилиши, уларнинг бугунги кун жамиятида қанчалик ўзини керакли идрок этиши масаласидир.
Бугун дунё миқёсида аёллар ҳуқуқларига инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан баҳо бериш бутун жаҳон тараққийпарвар тафаккурида кечаётган ижобий ўзгаришлар самарасидир. Шу боис, XXI асрда барчамиз учун демократия талаблари, фуқаролик жамияти қадриятлари ҳамда аёллар масаласининг ҳуқуқий тамойилларини тушунтириб бериш ва ана шу қадриятлар ҳамоҳанглиги ва мутаносиблигини тўғри англаб етиш аҳамиятли.
Маълумки, ҳуқуқий давлатда инсон бутун ижтимоий механизмнинг марказини ташкил этиб, ушбу механизм унинг манфаатларига хизмат қилади. Зеро, инсон манфаатлари таъминланган, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояланган давлатнигина ҳуқуқий давлат дейиш мумкин. Шу ўринда, аёллар масаласи таҳлил этилганда бир муҳим нарсага алоҳида урғу бериш ҳам лозим, яъни аёл ҳуқуқлари фақатгина ҳуқуқий ҳолат бўлмай, балки сиёсат, маънавият ва маърифат, диний эътиқод ва фалсафа, жамиятдаги турли ўзгаришлар билан ҳам боғлиқ ҳолатдир. Аёл ҳуқуқлари кўп қиррали, муаммоли ва мураккаб бўлиб, турли замонларда турлича намоён бўлган. Лекин унинг сиёсий манфаатлар билан боғлиқ хусусияти ҳамиша сақланиб, у турли шаклда ўрганилган.
Юртимизда аёлга, оилага ҳурмат давлат сиёсати даражага кўтарилиб, қонунчилик нормаларининг асосий қоидалари сифатида эътироф этилган. Ушбу нормаларда аёлнинг жамиятда ва оилада тутган ўрни, ҳуқуқ ва мажбуриятлари шарқона турмуш тарзи, оила ҳаётининг маънавий, ахлоқий, иқтисодий ва ҳуқуқий нормаларини инобатга олган ҳолда белгиланган. Ўзбекистонда соғлом авлодни тарбиялаш, оилани мустаҳкамлаш, аёлларни эъзозлаш, оналик ва болаликни муҳофаза этишдек инсоний бурчларни адо этиш борасида бир қатор амалий дастурлар ишлаб чиқилмоқда ва ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Замоннинг аёлга муносабати мавзусини Ўзбекистон тажрибасида таҳлил қиладиган бўлсак, сўнгги йилларда бу йўналишда реал, аниқ, режалаштирилган давлат сиёсати олиб борилаётгани натижасида салмоқли ўзгаришлар амалга оширилаётганининг тарихан шоҳиди бўлмоқдамиз. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, яна кўплаб норматив ҳужжатлар орқали мамлакатимизда аёллар масалалари билан боғлиқ ижобий ислоҳотлар янги босқичда такомиллаштирилмоқда.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда хотин-қизлар соғлиқни сақлаш, таълим тизими, давлат бошқарувининг турли йўналишларида, тадбиркорлик фаолиятида фаоллик кўрсатмоқда. Кейинги йилларда аёлларнинг таълими, мутахассислик ва илмий салоҳиятини ўстириш учун барча чоралар давлат томонидан кафолатлангани Ўзбекистонда аёллар фаоллигини оширишдаги ислоҳотлардан дарак беради.
Демак, бугунги кунда биз учун муҳим бўлган хулоса шуки, бутун бир жамият аёллар фаоллигидан манфаат олмоғи керак. Ана шу фаоллик ва идроклилик барча соҳаларда акс этиши, яъни аёлларимиз онгли тарзда мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик муносабатида бўлишларига эришиш замонамизнинг долзарб масаласига айланмоқда.
Юқоридаги мулоҳазалардан асосли равишда қуйидаги саволлар келиб чиқади: хотин-қизлар учун барча йўналишларда кенг қамровли имкониятлар яратилаётган, бу борада лозим даражада ҳуқуқий база ҳам мустаҳкамланаётган экан, хўш, аёлларимиз давримиз ва давлатимиз учун қайси вазифаларни бажариши лозим, қандай йўналишларда ўзларининг ҳаётий тажрибаси, ақл-идроки, салоҳияти ва меҳрини аямаслиги зарур?
Белгиланган истиқбол вазифаларни уддалай оладиган авлодни яратиш, ўстириш, тарбиялаш бугунги аёлларнинг ўз замонаси олдидаги масъулиятли ва муқаддас вазифасидир. Чунки фуқаролик жамиятининг зарурий хомашёси – шу жамиятда яшашга тайёр бўлган фуқаро. Аёлларимизга қарата “Бола ўстирманг, фуқаро тарбияланг” деган шиор бугунги кун талаби.
Зеро, бугун бизнинг жамиятимиз янги сиёсий муносабатлар шаклланиш жараёнининг илк босқичида турибди. Шу боис, аёлларга кенг ҳуқуқлар берилиши ва имкониятларнинг таъминланиши бизнинг демократик ва фуқаролик жамияти қуриш борасидаги мақсадимизга тўғри келади ва ана шу мақсадларнинг амалийлигини таъминлайди.
Хулоса қилиб айтганда, демократик давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида, биринчидан, Ўзбекистон шароитида аёлларда толерант тафаккурни шакллантириш, мафкуравий уйғоқлик ва сезгирликни улар онгига сингдириш фуқаролик жамиятининг асосларини кучайтириш омилларидан биридир. Нима учун аёл бағрикенг, тафаккури уйғоқ мушоҳадали, сиёсий жиҳатдан онгли бўлмоғи лозим? Чунки аёл фарзанд тарбиясига масъул шахсдир, онанинг тафаккури фарзанднинг тафаккурини келажакдаги фуқаронинг тафаккурини шакллантиради. Ана шу тафаккурнинг тўғри танланиши давлат тараққиётига таъсир қилади. Шу боис, бугунги кунда аёлнинг тафаккури ва дунёқараши кенг, чуқур билимли бўлмоғи давр талаби.
ЎзА мухбири
Н.Усмонова ёзиб олди.