Жалолиддин издошлари шарафланди
Хоразм вилоятида ҳам Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланди.
Байрам тадбири Урганч шаҳрида жасорат ва мардлик сиймоси, буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди ҳайкали пойига гул қўйиш маросимидан бошланди.
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Жўрабек Раҳимов бошчилигидаги секторлар раҳбарлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, Шимолий ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Миллий гвардия, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вилоят бошқармалари раҳбарлари, шунингдек, давлат ва жамоатчилик, ёшлар ташкилотларининг вакиллари иштирокида ўтган маросимда тинчлик учун, авлодлар келажаги учун жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.
Тадбир вилоят мусиқали драма театрида давом этди. Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Жўрабек Раҳимов Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Тадбирда хизмат фаолиятида ўрнак кўрсатаётган, вазифаларини бажаришда юқори касбий маҳорати ва шахсий ибрати, жамоат ишларидаги фаоллиги ва байрам муносабати билан ҳарбий қисмлар, муассасаларнинг ҳарбий хизматчилари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва жамоат ташкилотлари ходимлари рағбатлантирилди.
Тадбирда ҳарбий-ватанпаварлик руҳидаги қўшиқлар янгради. Айниқса, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш ёш авлодни ватанпарварлик ва миллатпарварлик руҳида тарбиялашга бағишланган саҳна кўринишлари унутилмас таассурот қолдирди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА