Жаҳонга намоён этилган сиёсий ирода
2020 йил 10 апрель. Худди мана шу куни ўзининг сиёсий иродасини жаҳонга намоён этиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг нуфузли минбарида илк бор ўз она тилида нутқ сўзлаган ҳамда бу орқали бутун дунё аҳлини ҳайратга сола олган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида» Қонунни имзолади.
Тўғри, бундан олдин ҳам, янаям аниқроғи, 1989 йилдан бошлаб 21 октябрни ўзига хос равишда байрам қилиб келганмиз. Аммо 2020 йилдан эътиборан 21 октябрь расман Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди. Албатта, бундан кимдир ўзида йўқ қувонган бўлса, кимдир очиқ-ошкора бўлмаса ҳам «ҳап саними» дегандек тишларини ғижирлатгани аниқ. Чунки бир миллатнинг мустақил бўлиши, ўзини, ўзлигини, миллий урф-одату анъаналарини, қадриятларини таниши, билиши, қалбан ҳис қилиши ва уларни бошқа ташқи кучларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиши ҳаммага ҳам маъқул келавермайди. Айниқса, бу миллат, бу давлат узоқ йиллар давомида кимгадир ҳар томонлама қарам бўлган бўлса...
Шу ўринда ХХ аср ўзбек шеъриятининг ўзига хос вакили, миллатпарвар шоир – Шавкат Раҳмоннинг шогирди Раҳмон Қўчқор билан бир суҳбатда айтган гапларини келтириб ўтишни жоиз деб топдим:
– Бир юзу ўттиз йилдан сўнг қўлга киритилган мустақиллигимизни осонликча бериб қўймаймиз, – деди Шавкат ака муштларини тугиб. – Майда-чуйда гапларни бир четга йиғиштириб қўйиш керак. Асосийси – мустақиллик... Уни қўлдан бермаймиз...
Нима учун гапни мустақилликка олиб келяпсан, дейишга шошилманг. Ахир Ўзбекистон мустақиллиги арафасида ўзбек тили давлат тилига айланмадими? "wikipedia" маълумотларида тилимиз 1989 йил 21 октябрь куни 178 мамлакатнинг расмий тиллари қаторига қўшилгани қайд этилган. Бугун ана шу саъй ҳаракатлар натижасида дунёда 60 миллионга яқин (баъзи манбаларда 50 миллион) одам ўзбек тилида сўзлашмоқда.
Назаримда, 2020 йил 10 апрелни ўзбек тили ривожи, равнақи, келажаги, ривожланиши ҳамда янада такомиллашиши учун 1989 йил 21 октябрга тенглаштириш мумкиндек. Чунки ушбу икки сана ўзбек тили «ҳаёти»да алоҳида аҳамият касб этади.
Рақамли технологиялар вазирлигида раҳбариятнинг шахсан кўмаги ва қўллаб-қувватлаши натижасида тўлиқ давлат тилида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида иш юритилиши таъминланган. Бошида бироз қийин бўлган бўлса ҳам, бугун мевасини кўряпмиз. Энг қувонарлиси, рус ёки инглиз тилида мулоқот қилувчилар сони камайди. Шунингдек, аввал ҳужжатни рус тилида тайёрлаб, кейин ўзбек тилига таржима қиладиган ҳамкасбларимиз бугун баъзи хато ва камчиликларни инобатга олмаганда, давлат тилида равон ёзмоқда.
Яқинда телефоним жиринглади, гўшакни кўтарсам, нариги томондаги қиз ажнабий тилида сўзламоқда. Давлат идорасига қўнғироқ қилганлиги учун у билан ўзбек тилида мулоқот қила бошладим. Аввалига қиз гапимни тушунмасликка олди, лекин мен давом этавергач, у ҳам ўзбек тилида сўзлашишни бошлади. Бир-биримизни тушунишда қийналдик, бироқ исми-шарифи ўзбекча қизни ўзбек тилида гапиришга мажбурладим. Суҳбатимиз якунига етиш арафасида унга ўзи сўзлаган ажнабий тилда бу давлат идораси экани, давлат идорасида эса давлат тилида иш юритилиши, мулоқот қилинишини тушунтирдим.
Яна бир янгиликни айтиб ўтмасам бўлмас. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрдаги фармони ижроси доирасида вазирлигимиз томонидан тизимдаги қатор корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликда «Ахборот технологиялари атамаларининг изоҳли луғати» яратилди. Ушбу луғат аввалига 1000 дона режалаштирилган бўлса ҳам, кейинчалик ушбу йўналишга бўлган талаб ва эҳтиёжни инобатга олиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2000 дона нашр қилинди. Ушбу луғатлар вазирлик ва идоралар, шунингдек, маҳаллий ҳокимликларга бепул тарқатилди.
Бугун замон ривожланмоқда. Ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасига янгидан-янги технологиялар ва улар орқали янги атамалар кириб келмоқда. Биз осонига ўрганиб қолдик. Жон койитишни истамаймиз. Бу атама хорижда ёки биринчи марта қўлланилган мамлакатда қандай қўлланилса, шундайгина қабул қилиб қўя қоламиз. Баҳона «агар биз бу атамани ўзбекчал аштирсак, хорижлик ҳамкорларимиз тушунмайди» эмиш. Бекор гап. Эй инсон, сен бу атаманинг ўзбек тилидагисини бир марта ўша ҳамкорингга тушунтир ва кейин бемалол фойдаланавер. Менимча, у бунга сираям қаршилик қилмаса керак. Яна бир баҳона тайёр. Ўзбек тилида унинг муқобили йўқ. Бўлмаган гап. Ўзбек тили сизу биз ўйлаганчалик «камбағал» эмас. Биз билмаймиз холос. Китоб жавонида туриб, чанг босиб ётган луғатларни титишни, ҳеч бўлмаганда деярли ҳамма саволга жавоб топиш мумкин бўлган интернетни ковлаштиришни хоҳламаймиз.
Кези келганда, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат, яъни қонунчиликка мувофиқ қабул қилинган, умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий меъёрларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжатларни ишлаб чиқувчиларга қарата икки оғиз сўз. Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнида у қайси йўналишда бўлса, нотаниш атамаларга дуч келинганида ана шу соҳа мутахассислари, айниқса, малакали тилшунослар билан маслаҳатлашиш, тилимизга кириб келиши кутилаётган янги атаманинг ўзбекча муқобилидан фойдаланиш мумкинку! Баъзан бир хорижий сўзнинг бип-бинойидек ўзбекчасини ишлатишни таклиф қилсангиз, ана шундай ҳужжатларни рўкач қиладиганлар топилади. «Мана қонун ҳужжатида шундай қўлланилган» деб кўрсатишади. Бу билан ҳеч кимнинг билимига шубҳа билдирмоқчи эмасмиз, аммо ҳар не бўлганда ҳам соҳа билимдонларига мурожаат қилган маъқулроқ.
Менимча, барча вазирлигу идора, корхонаю ташкилотларда давлат тилида, хусусан, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида иш юритишни, ҳар бир раҳбар, энг аввало, ўзидан бошлаши керак. Чунки сиз ҳар қанча қўл остингиздаги ходимга худди шу йўналишда топшириқ берманг, агар ўзингиз бу ишни қилмас экансиз, ундан буни кутманг. Зеро, халқимиз бекорга «қуш уясида кўрганини қилади» деган нақлни ишлатмайди.
Нурулла Абдуллаев,
Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси