Жаҳон янги логистика харитаси: Марказий Осиё муҳим транзит ҳудудга айланмоқда
Аввал Марказий Осиё денгиз портларидан узоқлиги ва ташқи бозорга чиқишда муайян чекловларга дуч келиши кўп гапириларди. Бугун эса айни омилларга бошқача қаралмоқда. Геосиёсий ўзгариш, глобал таъминот занжиридаги узилиш ва Европа-Осиё савдоси ўсиши минтақага нисбатан қарашни тубдан ўзгартирди. Энди Марказий Осиё чет ҳудуд эмас, аксинча янги логистика харитасининг муҳим нуқтаси сифатида баҳоланмоқда.
Тошкент халқаро инвестиция форумида транспорт йўлаклари, темир йўл инфратузилмаси ва минтақавий боғлиқлик масалалари асосий мавзулар қаторида муҳокама қилингани ҳам жараённинг амалий тасдиғидир. Форум доирасида билдирилган фикрлардан бир ҳақиқат яққол кўринади: келажак иқтисодиёти учун кураш энди фақат ресурс ёки бозор эмас, балки транспорт йўналишлари ва логистика занжири учун ҳам кечади.
Дунё харитасидаги янги марказ
Сўнгги ўн йилликларда жаҳон иқтисодиёти оғирлик маркази Осиё томон силжимоқда. Хитой глобал ишлаб чиқариш локомотивига айланган, Европа ҳамон энг йирик истеъмол бозорларидан бири. Табиийки, ушбу икки иқтисодий макон ўртасида товар айирбошлаш ҳажми йил сайин ортмоқда. Шу билан бирга янги муаммолар ҳам пайдо бўляпти. Пандемия даврида таъминот занжирида кузатилган узилиш, кейинчалик Қизил денгизда хавфсизлик муаммоси, геосиёсий кескинлик анъанавий йўналишлар заифлигини кўрсатди. Натижада халқаро компаниялар ҳамда давлатлар товар етказишнинг муқобил йўлларини излай бошлади.
Айни нуқтада Марказий Осиёнинг аҳамияти кескин ошди. Қитъанинг қоқ марказида жойлашган минтақа Европа билан Осиёни боғловчи жуда қисқа қуруқлик йўналишини таклиф этяпти. Жаҳон банки экспертлари таъкидлаганидек, Транскаспий халқаро транспорт йўлаги – кўпроқ "Ўрта йўлак" номи билан танилган маршрут келажакда Евросиё савдосида муҳим томирга айланиши шубҳасиз. Шу йўл бўйлаб Хитойдан Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия ва Туркия орқали Европа бозорига чиқиш мумкин.
Эътиборли жиҳати шундаки, бугун Марказий Осиёга қизиқиш фақат табиий бойликлар эмас, балки география билан ҳам боғлиқ. Денгизга чиқиш имкони йўқлиги илгари иқтисодий камчилик сифатида баҳоланган, ҳозир эса қитъалар чорраҳасидаги жойлашув стратегик устунликка айланмоқда.
Темир йўллар энди фақат транспорт эмас
Минтақада амалга оширилаётган алоҳида аҳамиятга эга темир йўл лойиҳалари, барпо этилаётган магистраллар икки шаҳар ёки икки мамлакатни боғлаш эмас, йирик иқтисодий маконларни бирлаштиради. Шу маънода Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли ўта муҳим стратегик ташаббус. Лойиҳа амалга ошса, юк Хитойдан Марказий Осиё ва Европа томон янада қисқа ва самарали йўл орқали ҳаракатланади. Мутахассислар айни йўналиш транспорт харажатини қисқартириши, етказиб бериш муддати тезлашишини таъкидламоқда.
Яна бир жиҳатга эътибор қаратиш лозим. Замонавий иқтисодиётда инфратузилма сармоя жалб қилувчи асосий омил ҳисобланади. Транспорт тизими ривожланган ҳудудда ишлаб чиқариш корхонаси, логистика маркази ва хизмат кўрсатиш тармоғи осон шаклланади. Демак, энди темир йўл фақат юк ташиш тизими эмас, балки янги саноат ҳудуди, экспорт имконияти ва минтақавий интеграция учун асос яратаётган иқтисодий инфратузилмадир.
Нега инвесторлар айнан бизнинг ҳудудга қарамоқда?
Ҳар қандай сармоядор учун энг муҳим савол шу: келажакда талаб қаерда кучли бўлади? Марказий Осиё мисолида жавоб анча аниқ. Европа ва Осиё ўртасидаги савдо оқими кенгайиб борар экан, икки қитъани боғловчи йўналишга эҳтиёж ошиб боради. Шу тариқа транспорт инфратузилмасига сармоя киритаётган давлатлар ва компаниялар учун узоқ муддатли иқтисодий имконият юзага келади.
Сўнгги йилларда халқаро молия институтлари ва тараққиёт банклари томонидан минтақадаги логистика лойиҳаларига қизиқиш кучайиши ҳам шу билан изоҳланади. Евросиё тараққиёт банки таҳлилига кўра, Марказий Осиё ва минтақамизга туташ ҳудудларда амалга оширилаётган транспорт лойиҳалари қиймати ўнлаб миллиард долларга тенг. Рақамлар муҳим бир хулосага олиб келади. Марказий Осиё энди шунчаки транзит ҳудуд эмас, балки глобал савдо тизимининг ажралмас қисми сифатида кўрилмоқда. Бошқача айтганда минтақа орқали ўтадиган юк ҳажми ортиши билан жаҳон иқтисодиётидаги функция ҳам ўзгаряпти.
Бир вақтлар четда қолган жой бугун рақобатбардош ҳудудга айланган. Янги логистика харитасида Марказий Осиёнинг ўрни тобора мустаҳкамланар экан, минтақа давлатлари учун ҳам тарихий имконият эшиги очилмоқда.
Йўлаклар учун кураш: Ўзбекистон – янги логистика манзарасининг таянч нуқтаси
Энг муҳим, Ўзбекистон ушбу ижобий жараённинг марказида. Буни шунчаки харитага қараб ҳам англаш мумкин. Минтақанинг барча давлатлари билан чегарадош ягона мамлакат сифатида юртимиз шарқ ва ғарбни, шимол ва жанубни боғловчи табиий кўприк вазифасини бажармоқдa. Сўнгги йилларда мамлакатда амалга оширилаётган ташқи иқтисодий сиёсат ва инфратузилма лойиҳалари эса мазкур устунликни ҳаётий иқтисодий имкониятга айлантиришга қаратилган.
Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли бўйича амалий қадам тезлашиши бунга яққол мисол. Кўп йил давомида муҳокама қилинган мазкур лойиҳа энди Евросиё логистика тизимининг муҳим бўғини сифатида қабул қилиняпти. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, янги темир йўл йўналиши Хитойдан Яқин Шарқ ва Европа бозорига чиқиш масофасини анча қисқартиради.
Табиийки, Тошкент фақат транзит вазифасини бажариш билан чекланмайди. Мамлакат стратегияси логистика маркази, саноат ҳудуди, қайта ишлаш кластери ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш қувватини ривожлантириш орқали транспорт йўлакларидан қўшимча иқтисодий қиймат олишга қаратилган. Зеро, замонавий иқтисодиётда асосий даромад поезд ёки юк машинаси ҳаракатидан эмас, балки ён-атрофда шаклланадиган хизмат экотизимидан келади.
Трансафғон йўлаги: Ҳинд океанига энг қисқа эшик
Минтақа транспорт тизими келажаги учун Трансафғон темир йўли алоҳида ўрин тутади. Мазкур лойиҳа Ўзбекистонни Афғонистон орқали Покистоннинг Карачи ва Гвадар портлари билан боғлашни назарда тутади. Агар ташаббус тўлиқ амалга ошса, Марказий Осиё мамлакатлари учун денгизга чиқиш имконияти сезиларли даражада кенгаяди. Бу ерда гап фақат янги йўналиш ҳақида эмас. Масала бутун минтақанинг иқтисодий географияси ўзгаришида.
Ҳозирги шароитда Марказий Осиё давлатлари ташқи савдоси беқиёс масофа ва юқори транспорт харажати билан боғлиқ. Жанубий портларга чиқиш имкони эса экспортчилар учун янги бозор очиши мумкин. Айниқса Ҳиндистон, Жанубий Осиё ва Форс кўрфази мамлакатлари билан иқтисодий алоқани кенгайтириш нуқтаи назаридан мазкур лойиҳанинг аҳамияти беқиёс. Албатта, Трансафғон йўлаги олдида жиддий синов ҳам мавжуд. Афғонистондаги сиёсий вазият, хавфсизлик масаласи ва молиялаштириш механизми ҳануз ҳал қилиниши лозим бўлган долзарб вазифалар қаторида турибди. Шу боис экспертлар мазкур ташаббусни қисқа муддатли эмас, балки стратегик истиқбол лойиҳаси сифатида баҳоламоқда. Тарих эса иқтисодий манфаатлар кўпинча жуда мураккаб геосиёсий тўсиқларни ҳам енгиб ўтишга қодирлигини кўрсатади.
Бугун Марказий Осиёда кечаётган жараённи тушуниш учун транспорт йўлакларига қизиқиш билдираётган ташқи кучларга назар ташлаш кифоя. Европа Иттифоқи Ўрта йўлакни Россия орқали ўтувчи анъанавий йўлга муқобил тизим сифатида кўряпти. Брюссель учун бу ҳам иқтисодий, ҳам стратегик масала. Хитой эса "Бир макон, бир йўл" ташаббуси доирасида Евросиё бўйлаб транспорт боғлиқлигини кенгайтирмоқда. Пекин учун Марказий Осиё ғарбга чиқиш йўлидаги муҳим халқа ҳисобланади. Туркия ўз навбатида туркий давлатларни бирлаштирувчи транспорт тармоғини ривожлантириш тарафдори. Форс кўрфази мамлакатлари эса минтақадаги логистика ва инфратузилма лойиҳаларига сармоя киритиш имкониятини фаол ўрганмоқда. Бу қизиқишларнинг бари бир нуқтада туташади: келажак савдо йўналишлари шаклланаётган ҳудудда ўрин эгаллаш.
Дарвоқе, XXI асрда геосиёсий таъсир кўп жиҳатдан транспорт ва логистика тармоғини назорат қилиш имконияти билан белгиланмоқда. Яъни, Марказий Осиё учун кураш ресурс эмас, йўналиш учун кечмоқда. Янги глобал воқелик Марказий Осиёнинг жаҳон иқтисодиётидаги ўрнини қайта белгилаб беряпти. Кеча географик чеклов дея баҳоланган омил бугун стратегик афзалликка айланди. Европа билан Осиёни боғловчи транспорт йўлаклари ривожланар экан, минтақа халқаро савдо тизимининг муҳим бўғини сифатида майдонга чиқмоқда. Асосий савол: Марказий Осиё шунчаки транзит ҳудуд бўлиб қоладими ёки логистика марказидан иқтисодий ўсиш манзилига айланадими?
Бу саволнинг жавоби темир йўллар сонида эмас, балки қандай иқтисодий муҳит шаклланишида намоён. Агар минтақа давлатлари инфратузилмани саноат, технология ва сармоя билан уйғунлаштира олса, бугун барпо этилаётган йўлаклар келгуси ўн йилликларда бутун минтақамиз қиёфасини ижобий томонга кескин ўзгартириши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА