Жаҳон саҳнасида ўзбек стартаплари: Global Startup Awards ғолиблари аниқланди
Ўзбекистон стартап экотизими халқаро майдонда яна бир муҳим ютуққа эришди. Дунёнинг етакчи инновацион лойиҳалари иштирок этган нуфузли “Global Startup Awards Grand Finale” танловида мамлакатимиз вакиллари икки йўналишда глобал ғолибликни қўлга киритди. Валлетта шаҳрида “EU-Startups Summit” доирасида бўлиб ўтган “Global Startup Awards Grand Finale” танловида дунёнинг 54 дан ортиқ мамлакатидан иштирокчилар қатнашди.
“Global Startup Awards” — стартаплар, фаундерлар, инвесторлар ва инновацион экотизим етакчиларини глобал миқёсда эътироф этувчи йирик халқаро платформалардан бири ҳисобланади. Танлов миллий ва минтақавий босқичлар орқали энг кучли лойиҳаларни саралаб, уларни жаҳон финалига олиб чиқади.

Мазкур муваффақият ўтган 2025 йил сентябрь ойида Тошкент шаҳрида ICT WEEK доирасида IT Park Uzbekistan қўллаб-қувватловида ўтказилган “Global Startup Awards Central Asia” минтақавий финалининг мантиқий давоми бўлди. Айнан ушбу босқич Марказий Осиё стартаплари учун халқаро саҳнага чиқиш ва инвесторлар эътиборини жалб қилиш имкониятини яратган эди.

Айниқса, Catextra стартапининг “Best Greentech Startup of the Year” номинациясида ғолиб бўлиши Ўзбекистонда экологик инновациялар ва барқарор ривожланиш соҳасида яратилаётган ечимлар халқаро миқёсда ҳам долзарб эканини намоён қилди.

Қайд этиш лозимки, Catextra — тўқимачилик саноатида шаффофлик, изчиллик ва масъулиятли ишлаб чиқариш тамойилларини ривожлантиришга қаратилган платформа. Стартап ишлаб чиқарувчиларга таъминот занжирининг ҳар бир босқичини кузатиш, текшириш ва хариталаш имконини берувчи воситаларни тақдим этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА