Жаҳон миқёсида катта акс-садо берди...
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти олий минбаридан туриб, сўзлаган нутқи нафақат юртимизда, балки бутун жаҳон ҳамжамиятида катта акс-садо берди.
Чунки нутқда бугун инсониятни ўйлантираётган барча ўткир муаммолар, кескин ўзгаришлар шиддати ва мавжуд хавф-хатарларга қарши самарали курашиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ва таклифлар тўлиқ қамраб олинди, десам муболаға бўлмайди.
Давлатимиз Раҳбари олий минбардан чиқиш қилар эканлар, БМТнинг глобал жараёнларда етакчилик роли ва аҳамияти янада кучайиши лозимлигига, унинг таъсири ва ўрни янги мазмун ва сифат билан бойиши зарурлигига урғу бердилар.
Бугун башариятни қаттий ўйлантираётган пандемия ва унинг салбий иқтисодий оқибатларини ҳал қилиш учун барча мамлакатлар ўртасида бирдамлик, ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш кераклиги таъкидланди.
Эмлаш жараёнларида дунёнинг барча халқлари учун, тенг ва адолатли фойдаланиш имкониятларини тақдим этаётган БМТ доирасидаги КОВАКС глобал платформаси ғоятда таъсирчан механизм сифатида ўзини оқлаётгани алоҳида таъкидланди.
Аммо бу жараёнда ҳам бугун кўплаб муаммолар юзага келаётганини инкор қилиб бўлмайди. Дунёнинг қудратли давлатлари ана шундай мураккаб бир шароитда ўзлари ишлаб чиқарган вакциналарни кўпроқ сотиш, геосиёсий мақсадлари йўлида фойдаланиш, бошқа мамлакатда тайёрланган бу каби эмлаш воситаларининг аҳамиятини пасайтиришга уруниш каби номақбул амалиётга берилиб кетишмоқда. Ваҳоланки, сайёрамиз аҳолини тўлиқ эмлаш учун барча ишлаб чиқарувчилар яқиндан, қўлни-қўлга бериб ишлашлари энг тўғри йўл бўлар эди.
Шу маънода Президентимизнинг “пандемияларга қарши самарали курашда вакцинация натижаларини халқаро миқёсда тан олиш жараёнларида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мувофиқлаштирувчи ролини янада кучайтириш тарафдоримиз”, дея айтган улуғвор фикрлари айни пайтда жуда долзарб ва ўринлидир.
Ҳозирги шароитда, кўплаб қитъаларда одамлар учун вакциналар шундай ҳам тақчил бўлиб турган даврда давлатлар томонидан бу масалани ортиқ сиёсийлаштирмаслик, кўпроқ фойда топиш ниятида ҳаракат қилмаслик жуда муҳим.
Ўтган йили Ўзбекистон Республикасининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва жорий йилда Бош Ассамблеянинг расмий ҳужжати сифатида тарқатилган Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги Кодекс бизнинг бу хайрли йўлдаги амалий ҳиссамиз эканлиги айтиб ўтилди.
Муҳтарам Президентимиз инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш демократик ислоҳотларимизнинг асосини ташкил этишини, бу ўзгаришлар ортга қайтмас муқаррар тус олганини ва бошлаган ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида Янги Ўзбекистон стратегиясини ишлаб чиқилганини халқаро ҳамжамият эътиборига яна бир бор етказдилар.
Ушбу Стратегиянинг бош ғояси фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, камбағалликни камайтириш, ҳар бир кишини кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш ҳамда барқарор экологик ривожланишга эришишдан иборатдир.
Яна бир муҳим масала – Афғонистон муаммосига жиддий эътибор қаратилди. Ҳозирги қийин даврда Афғонистонни яккалаб, уни муаммолар гирдобига ташлаб қўйиш мумкин эмаслигини, бу ҳолат фақатгина жафокаш афғон халқига катта зиён етказишини ниҳоятда куюнчаклик билан қайд этиб ўтдилар.
Бундан ташқари, нутқда кўтарилган ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, минтақалар ўртасидаги ўзаро боғлиқни кучайтириш, ёшларга эътибор ва ғамхўрлик, трансмиллий жиноятчиликка қарши кураш, атроф-муҳит ва био хилма-хилликни муҳофаза қилиш, қайта тикланадиган энергия ҳажмларини ошириш каби устувор масалаларнинг барчаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш мақсадлари руҳига уйғун ва ҳамоҳанг эканини айтиб ўтмоқчиман.
Гулноза Исмаилова,
Юридик фанлари доктори,
ЖИДУ проректори