“Жаҳон Медиа конгресси” кун тартиби белгиланди
Ҳамкорларимиз саҳифаларида
БАА Бош вазири ўринбосари ва Президент суди вазири шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён бошчилигида жаҳон оммавий ахборот воситалари конгресси Олий қўмитаси биринчи сессияси конференцияси кун тартибини эълон қилди.
Ушбу анжуманда 30 та мулоқот сессияси ташкил этилиб, 40 нафар таниқли халқаро маърузачи ва мутахассис иштирок этади. Бу ҳақда “WAM” маълум қилди.
“Жаҳон Медиа конгресси” 15-17 ноябрь кунлари Абу-Даби Миллий кўргазмалар компанияси (ADNEC) ва Амирликлар ахборот агентлиги ҳамкорлигида медиа секторидаги сўнгги ишланмалар ва келгуси истиқболни ўрганиш мақсадини кўзлаган.
Тадбир кўплаб медиа ташкилотларига медиани ривожлантириш, соҳада узоқ муддатли барқарорликни таъминлаш ҳамда ишончли ва фойдали контент намойиш этишда давом этадиган ҳамкорлик имкониятини муҳокама қилиш учун ноёб майдон ҳисобланади.
Биринчи сессияда дунёнинг турли мамлакатларидан медиа экспертлари амалий тадқиқотлари, замонавий ғоя ва режаларини тақдим этади. Шунингдек, рақамли алоқа, сунъий интеллект, илғор технология ва инновациялар аспекти намойиши орқали медиа сектори ривожини тезлаштириш мавзусига алоҳида эътибор қаратилади.
Умуман, анжуманнинг илк кунига “Медиа сектори салоҳияти”, “Келажакнинг устувор йўналиши. Рақамли медиа келажак сармояси учун идеал муҳитни таъминлайдими?”, “Метаверсега сармоя киритиш. Медиа компаниялари қандай фойда кўради?” ва “Инвестициялардан кутилаётган даромад қандай?" мавзулар белгиланган.
Иккинчи кун тартибига “Таҳлил марказлари ва фикрнинг медиа-контентга таъсири”, “Ижтимоий медиа сайтлари, минтақадаги истеъмол тенденциясини ўрганиш ҳамда соҳанинг медиа ландшафтида квант сакрашидаги роли” ва “Ижтимоий медиа. Медиа сектори хусусиятини ўзгартиришда қисқа видеоклипларнинг роли” киритилган.
Конгресснинг охирги куни "Рақамли асрда хилма-хиллик ва инклюзия... медиа секторидаги аёллар", "Истеъмолчининг психологик жиҳати... оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда энг оммабоп ва кутилаётган тенденциялар" ва " Тўртинчи саноат инқилоби ва кейинги даврга ҳамқадам бўлиш учун кўникмадаги бўшлиқни бартараф этиш” мавзуларида суҳбатлар уюштирилади.
“Жаҳон Медиа конгресси” Олий қўмитаси раиси Муҳаммад Жалол Ар-Райссий конференция барча иштирокчилар, айниқса, оммавий ахборот воситаларини тақдим этишга интилаётганлар учун ноёб имконият эканини таъкидлади. Анжуман бугунги медиа-саҳна тенденцияси, соҳанинг истиқболи ҳақида чуқурроқ тушунчага эга бўлиш, шунингдек, турфа хил жамиятда барқарор ривожланишга қаратилган саъй-ҳаракатни қўллаб-қувватловчи ривожланаётган компанияларга медиа бозорига кириш имконини беради, медиа ва инновацион технологиялар соҳаларида ҳамкорлик имкониятини кенгайтиради.
Ўз навбатида, Абу-Даби Миллий кўргазмалар компанияси ва тузилма компаниялар гуруҳи бошқарувчи директори Хумаид Матар Ад-Даҳерий ушбу глобал тадбир бугунги ҳаётий ва муҳим талабларга мос келишига урғу берди.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон Медиа конгрессида 150 дан зиёд ихтисослашган компаниялар иштироки кутиляпти.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА