Жаҳон курашчилари Иссиқкўлда машғулот ўтказади
Халқаро кураш ассоциацияси ва Осиё кураш конфедерациясининг йиллик тақвим режасига мувофиқ, жорий йил 27 июль-10 август кунлари Қирғизистоннинг Иссиқкўл ҳудудида “ISSYK-KUL 2026” халқаро ўқув-машғулот йиғини бўлиб ўтади.
Марказий Осиёнинг энг гўзал ва ноёб ҳудудларидан бири ҳисобланган Иссиқкўл ўзининг мусаффо тоғ ҳавоси, кўл соҳилидаги юмшоқ иқлими ва яшил ўрмонлари билан спортчиларнинг жисмоний ва функционал тайёргарлиги учун қулай маскан саналади.
Денгиз сатҳидан юқори ҳудудда жойлашган ушбу табиий муҳит спортчиларнинг юқори спорт формасига чиқишида муҳим аҳамият касб этади.
2023 йилдан буён мунтазам равишда ташкил этиб келинаётган мазкур халқаро йиғин қисқа вақт ичида жаҳон кураш тақвимидаги энг нуфузли машғулот майдонларидан бирига айланди.
Эътиборлиси, аввалги Иссиқкўл йиғинларида иштирок этган миллий жамоаларнинг қарийб 95 фоиз аъзоси Осиё ўйинлари, Жаҳон чемпионатлари ва бошқа йирик халқаро мусобақаларда совриндорлар қаторидан жой олган.
“ISSYK-KUL 2026” халқаро йиғини жорий йилда Японияда бўлиб ўтадиган XX ёзги Осиё ўйинлари, CISM World Military Kurash Challenge, VI Жаҳон кўчманчилар ўйинлари (Nomad Games), шунингдек катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионати каби нуфузли мусобақалар олдидан спортчилар учун муҳим тайёргарлик босқичларидан бири бўлиб хизмат қилади.
Йиғин доирасида юқори даражадаги халқаро баҳслар, махсус жисмоний тайёргарлик машғулотлари, тактик-техник йиғинлар ҳамда турли мамлакатлар спортчилари ўртасида тажриба алмашув жараёнлари ташкил этилади.
Т.Рўзиев, ЎзА