Жаҳон цивилизацияси тарихидаги муҳим сана
Соҳибқирон Амир Темур таваллуди — бу фақатгина Ўзбекистон тарихида улкан юксалиш пойдеворини яратган буюк давлат арбобининг туғилган куни эмас. Бу сана, айни пайтда уч қитъа — Осиё, Европа ва Шимолий Африка, шунингдек Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтарган, уларни тараққиёт ва маданий мулоқот сари юзлантирган тарихий даврнинг бошланишини ҳам англатади.
Амир Темур ўз даврида фақат буюк саркарда сифатидагина эмас, балки улкан бунёдкор сифатида ҳам ном қозонди. У барпо эттирган шаҳарлар, масжидлар, мадраса ва маданий иншоотлар бугун ҳам инсоният тамаддунининг бебаҳо мероси сифатида эътироф этилмоқда. Темурийлар даври жаҳон тарихига Шарқ Ренессанси сифатида кириб келди. Бу даврда илм-фан, меъморчилик, адабиёт ва санъат мисли кўрилмаган даражада ривож топди.
Темурийлар салтанати таъсири Яқин Шарқ, Кавказ, Араб мамлакатлари, Марказий Осиё, Эрон ҳамда Жанубий Осиё — Ҳиндистон, Покистон ва Бангладешгача бўлган улкан ҳудудларни қамраб олди. Бу юксак маданий анъаналар кейинчалик Заҳириддин Муҳаммад Бобур асос солган Бобурийлар даврида ҳам давом эттирилди ва янада бойитилди.
Темурийлар даврида илм-фан ва маданиятнинг тараққиёти китоб маданиятининг юксалиши билан чамбарчас боғлиқ эди. Машҳур Самарқанд қоғози ишлаб чиқарилиши, ислом оламида хаттотлик санъатининг юксак даражага кўтарилиши бу даврнинг муҳим маданий белгиларидан бири бўлди. Китоб ёзиш ва мутолаа маданиятининг ривожланиши туфайли қоғозчилик, хаттотлик, мусаввирлик, наққошлик ва рассомчилик каби санъат турлари шаклланди ва қарийб етти аср давомида тараққий этди.
Бу жараёнда, айниқса Шарқ миниатюра санъати алоҳида ўрин эгаллайди. Жаҳон санъатшунослари бу мактабни одатда “Шарқ миниатюраси” деб аташади. Аслида эса унинг шаклланиши ва ривожи бевосита Темурийлар Ренессанси даври билан боғлиқ бўлиб, кейинчалик Бобурийлар даврида янада юксак тараққиёт босқичига кўтарилди.
Бугун Янги Ўзбекистон даврида бу маданий меросга бўлган эътибор янада кучаймоқда. Давлат даражасида қўллаб-қувватланаётган бадиий мактаблар, айниқса миниатюра санъати бугун қайта тикланиш ва янги ренессанс даврини бошдан кечирмоқда.
Бу ҳолат Имом Бухорий мажмуаси ва Ислом цивилизацияси маркази каби йирик маданий мажмуалар интерьерлари ва экспозицияларида миллий бадиий анъаналарнинг кенг қўлланилишида яққол намоён бўлмоқда.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев танишган Темурийлар тарихи давлат музейининг янги экспозициясида ҳам Темурийлар даври миниатюраси ва китобот санъати, бу йўналишдаги эстетик қарашлари замонавий талқинда намоён этилган.
Демак, Амир Темур таваллудини нишонлаш — бутун инсоният цивилизациясининг катта қисмига таъсир кўрсатган Темурийлар давлати ва унинг маданий меросини эътироф этиш демак.
Шу маънода бу сана фақат бир буюк инсоннинг туғилган куни эмас, балки жаҳон цивилизацияси тарихида янги давр бошланганининг рамзий белгиси сифатида ҳам қадрланади.
Турсунали Қўзиев,
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби.
ЎзА