Жаҳон чемпионлари ва мураббийлар тақдирланди
Жаҳон спорт майдонларида юртимиз спортчиларини қўлга киритаётган ютуқларида давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароит, моддий ва маънавий қўлловнинг аҳамияти беқиёс.
Ўтган 2021 йил эпидемиологик мураккабликларга қарамасдан Ўзбекистон спортчилари учун ҳар томонлама муваффақиятли кечди. Токио олимпиадасидаги ютуқлардан ташқари, ҳамюртларимиз жаҳон ва қитъа чемпионатларида, нуфузли турнирларда Ватанимиз номини улуғлади.
Йил мобайнида истеъдодли спортчиларимиз олимпия ва ноолимпия спорт турлари бўйича ўтказилган 38 та жаҳон, 24 та қитъа миқёсидаги чемпионат ва кубок баҳсларида, 46 та «А» таснифидаги халқаро турнирларда муносиб қатнашди, совринли ўринларни қўлга киритишди.
Маълумки, давлатимиз томонидан қабул қилинган тегишли қарорга асосан олимпия спорт турлари бўйича расмий Жаҳон чемпионатларида юқори натижаларга эришган спортчилар ҳар йили белгиланган пул мукофотлари билан тақдирланиб келинади.

Шу муносабат билан бугун 20 апрель куни Спортни ривожлантириш вазирлигида 2021 йилги Жаҳон чемпионати ғолиб ва совриндорлари ҳамда уларнинг мураббийлари, шунингдек, «Лондон-2012» ёзги Олимпия ўйинларининг совриндорини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси масъул ходими Асилбек Муртазаев, Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Шаҳрулла Маҳмудов, Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев, спорт федерaсияларининг вакиллари, 2021 йил давомида ўтказилган жаҳон чемпионатлари ғолиб ва совриндори бўлган спортчилар, уларнинг мураббийлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига кўра, Жаҳон чемпионати ғолиблари 12 минг, кумуш медаль соҳиблари 6 минг ҳамда бронза медаль эгалари эса 3 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотлари билан тақдирланди.
Уларнинг тренерларига мос равишда 6, 3 ва 1,5 минг АҚШ доллари миқдорида мукофотлар тақдим этилди.
Тадбирда 2021 йил 16-26 сентябрь кунлари бокс бўйича Россия Федерациясининг Москва шаҳрида ҳарбийлар ҳамда 2021 йил 24 октябрь-6 ноябрда Белград шаҳрида катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионатлари ғолиблари, шунингдек, дзюдо бўйича 2021 йил 6-13 июнда Будапешт шаҳри (Венгрия)да ҳарбийлар ва 2021 йил 28 октябрь-4 ноябрда Парижда катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионатлари, оғир атлетика бўйича 2021 йил 7-18 декабрда Тошкентда катталар ўртасида Жаҳон чемпионати, каратэ бўйича 2021 йил 16-21 ноябрда Дубай шаҳрида кечган Жаҳон чемпионатида ҳамда паратаэквондо бўйича 2021 йил декабрда Истанбул шаҳрида ўтган Жаҳон чемпионатида юрт номини улуғлаганлар бир марталик пул мукофотларига сазовор бўлишди.

Яна бир аҳамиятли ҳолат тадбирда 2012 йили Лондон шаҳрида ўтказилган XXX ёзги Олимпия ўйинларининг оғир атлетика йўналишида ҳамюртимиз Иван Ефремов рақибида допинг аниқланганлиги сабабли адолатли тарзда бронза медали совриндори бўлганлиги учун 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди.
– Бугунгидек эътибор келгусидаги ютуқларга замин бўлади. Чемпионлик мартабасига эришган спортчиларимизнинг, меҳнат қилган мураббийларнинг мукофотланиши улар билан бир залда шуғулланаётган бошқа спортчи ва мураббийларга руҳий қувват бағишлайди. Бу жамоаларда фаолликнинг ошишига турки бўлади. Қаердаки, фаоллик, жўшқинлик бўлса, ғалаба ҳам юз очаверади, – дейди бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси катта тренери Тўлқин Қиличев.
Тантаналар давомида спортчилар, мураббийлар, мутахассислар, хусусан, Элшод Расулов (мураббий), Иван Ефремов (спортчи), 3иёда Исоқова (спортчи) ва бошқалар сўзга чиқиб, бундай эътибор келгуси ғалабаларга муносиб замин бўлишини таъкидлашди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА