Жаҳон чемпионатига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди
Жорий йилнинг 12–17 апрель кунлари пойтахтимизда жойлашган “Олимпия шаҳарчаси”да таэквондо WT бўйича ёшлар ўртасидаги XV Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Унда дунёнинг 118 та мамлакатидан жами 990 нафар таэквондо усталари 20 та вазн тоифасида медаллар учун кураш олиб боради.
Олимпия ва паралимпия шон-шуҳрати музейида мазкур нуфузли мусобақага бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Бутунжаҳон таэквондо федерацияси раҳбари Чунгвон Чой, мамлакатимиз таэквондо ассоциацияси раиси Шерзод Тошматов, кенг спорт жамоатчилиги ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Анжуман аввалида Адҳам Икромов сўзга чиқиб, мамлакатимизда халқаро спорт тадбирларини юқори савияда ўтказиш борасида тўпланган тажриба, замонавий спорт иншоотларининг жаҳон талабларига мос равишда барпо этилаётгани ва уларда яратилган шарт-шароитлар туфайли Ўзбекистонга қитъа ва жаҳон миқёсидаги мусобақалар мезбонлиги ишониб топширилаётганини таъкидлади. Шунингдек, ушбу жаҳон чемпионати ҳам юксак даражада ташкил этилаётгани алоҳида қайд этилди.
[gallery-28682]
Шундан сўнг, Чунгвон Чой мамлакатимизда сўнгги йилларда таэквондо WT жадал ривожланаётганини, турли ёш тоифаларида иқтидорли спортчилар камол топиб, халқаро майдонларда Ўзбекистон нуфузини ошираётганини эътироф этди. У, шунингдек, 2017 йилда Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган учрашувда таэквондони ривожлантириш масалалари муҳокама қилинганини эслаб ўтди. Бу ислоҳотларнинг амалий самараси сифатида Улуғбек Рашитовнинг Олимпия ўйинларидаги ғалабалари, шунингдек Светлана Осипованинг юксак натижалари тилга олинди.
Тадбир давомида ташкилотчилар томонидан чемпионат доирасида ўтказиладиган қатор йирик тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, 10 апрель куни “Олимпия шаҳарчаси”да катта флешмоб ва “World Taekwondo Performance” жамоаси иштирокида шоу дастури ташкил этилади. 11 апрель куни Бутунжаҳон таэквондо ташкилотининг Бош ассамблеяси, 12 апрель куни эса чемпионатнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. Шунингдек, 13 апрель куни мусобақа доирасида II Олимпизм ва тинчлик форуми ташкил этилиши режалаштирилган.
Матбуот анжумани якунида ОАВ вакиллари томонидан берилган саволларга мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Алмурод Мамадаминов (сурат), ЎзА