Жаҳон чемпионатида “Токио шамоли” эсяптими?
Белградда бокс бўйича ўтаётган жаҳон чемпионати кутилган ва кутилмаган натижалари билан барчани ҳайратга солмоқда.
Айни шу сабабли ҳам ҳозирдан унинг кейинги “оқими” хусусида бирор нима дейиш қийин.
Ўтган жанглар боасидаги айрим фикрларни келтириб ўтиш лозим. Демак, жаҳон чемпионатининг ўзбекистонликлар учун ўта муҳим бўлган “остона хатлаш жанги”да Асадхўжа Мўйдинхўжаев “Ўзбек йўлбарслари” учун Белград рингининг ғолиблик эшикларини очиб берди. У 67 килограмм вазнда ирландиялик Брендан Маккивини 5:0 ҳисобида мағлуб этиб, кейинги босқичга йўл олганида гўёки ҳаммаси рисоладагидек кўринганди.
Ҳудди шунингдек, танзаниялик рақибининг рингга чиқмаганлиги сабабли Одилжон Аслоновнинг тўғридан-тўғри кейинги босқичга йўл олиши ҳам, 75 килограмм вазнда Саиджамшид Жафаровнинг словакиялик Л.Фернезани енгганида ҳам “Токио сценарийси” кўнглимиздан ўтмаганди.
Лекин мутахассислар фикрига кўра, жаҳон чемпионатининг финал жангига тенглаштирилган Дўсматов-Бобосинов “дуэли” ва ҳакамларнинг биринчи ва иккинчи раундлардаги нопрофессионал баҳолаши, Хасанбойнинг асабийлашиши ортидан қозоғистонлик Токио олимпиадаси совриндорининг қўли баланд кўтарилиши “рингда ҳамма нарса бўлиши мумкин”лигини яна бир бор ёдимизга солиб қўйди.
Буни 86 килограмм вазнли Шоҳжаҳон Абдуллаев қайсидир маънода салбий жиҳатдан мустаҳкамлади. У ютуб туриб ютқазиш қоидасига кўра, биринчи ва иккинчи раундлардаги яққол устун бўла туриб, 2 раунднинг сўнгги сониясида бельгиялик Виктор Шельстрейнинг кучли зарбасини ўтказиб юбориб, нокаутга учраши орқали кўрсатиб берди.
Шу ўринда айтиш лозимки, жаҳон чемпионатининг финалига тенг Бобосинов-Дўсматов баҳсининг натижалари бўйича қабул қилинган ҳакамлар қарори, мустақил экспертлар хулосаси қай даражада якун топишидан қатъий назар, унинг атрофидаги гап-сўзлар, муҳокамалар ҳали узоқ давом этиши тайин. Зеро, Рио-2016 қаҳрамони ва Токио-2020 кашфиёти сифатида тан олинган Дўсматов ва Бобосинов Сербия баҳсларисиз ҳам жаҳон бокс оламининг ёрқин юлдузлари бўлиб қолаверади. Белград ринглари эса икки навқирон бокс гигантларини мажбурий ҳолатда тўқнаштирди, холос.
Жаҳон чемпионати баҳслари энди-энди авж пардага кўтарилай, деб турибди. Илк йўқотишлар ва ғалабалар шамолини бошдан кечираётган терма жамоамиз аъзолари кейинги мусобақаларга ҳозирлик кўрмоқда.
Бугун, 28 октябрь куни уч нафар боксчимиз чемпионат баҳсларини ўтказади. 67 килограмм вазнда чемпионатни муваффақиятли бошлаган Мўйдинхўжаев фаластинлик Ахмед Харара билан рўбарў келса, 57 килограммда Миразизбек Мирзахалилов АҚШ боксчиси Жамал Херли билан, +92 килограмм оғирликдаги вакилимиз Лазизбек Муллажонов эронлик Пуриа Амири билан чемпионатнинг биринчи учрашувини ўтказиб, кейинги босқич масаласини ҳал қилади.
Т. Рўзиев, ЎзА